Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгашининг ташаббуси билан Сирдарё туманида жойлашган 525-сонли сафарбарлик чақирув резерви баталионида ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскар ва офицерлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбир “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди. Унинг асосий мақсади ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий ҳолатини ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитиш, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот бериш, ёшларнинг фаоллигини ва Ватанга садоқатини оширишдан иборат эди.

Мулоқот самимий ва очиқ руҳда ўтди. “Очиқ микрофон” шаклидаги суҳбат давомида юздан зиёд ёш аскар ва хизматчилар ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва муаммоларини бевосита вилоят раҳбарияти ва мутасаддиларга етказиш имкониятига эга бўлишди.

Суҳбат чоғида таълимни давом эттириш имкониятлари, ҳарбийлар учун мавжуд давлат грантлари ва имтиёзлар, бўш вақтни мазмунли ўтказиш, спорт ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, армия ва жамият ўртасидаги ижтимоий кўприкларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Ёш аскарлар ўз мурожаатларида ҳарбий қисмда китобхонлик бурчакларини кўпайтириш, спорт анжомлари билан таъминлаш, мотивацион учрашувларни кўпайтириш каби таклифлар билан чиқишди. Уларнинг бир қатор таклифлари ижобий баҳоланиб, айрим муаммолар жойида ҳал қилинди ёки тегишли ташкилотларга йўналтирилди.

Ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан иштирокчиларга республика ва вилоят даражасида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан “Ёшлар дафтари”, “Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш” каби дастурлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Учрашув якунида фаол иштирок этган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ташаббускор ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири