Ҳарбий қисмда давра суҳбати ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги ҳарбий қисмда “Ҳарбий хизматчиларнинг оилавий мустаҳкамлигини таъминлаш” ҳамда “Бизнинг бўлинмамиз — коррупциядан йироқда” мавзуларида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент ҳарбий суди раиси Жамшид Раҳмонов, ҳарбий қисм қўмондонлиги вакиллари, Гулистон ҳарбий прокурори ҳамда хизматчилар иштирок этишди.

Учрашувда хизматчиларга қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат интизомини кучайтириш, оилавий тотувлик ва масъулият ҳиссини ошириш борасида муҳим тавсиялар берилди. Тошкент ҳарбий суди раиси Жамшид Раҳмонов коррупцияга қарши курашишда ҳар бир хизматчининг шахсий масъулияти катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

– Ҳарбий тизимда поклик, ҳалоллик ва қонунга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш нафақат ташкилот, балки бутун жамият хавфсизлиги учун муҳимдир, – деди у ўз нутқида.

Суҳбат якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий ва оилавий масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, мутасаддилардан атрофлича жавоблар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири