Сўнгги йилларда ёшларнинг малакали мутахассис бўлиб шаклланишида ишлаб чиқариш жабҳаларидаги ислоҳотлар ва имкониятлар муҳим омил бўлиб келмоқда.
Ёшларнинг интилиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтиришда янги тизим шаклланиб келаётгани барчамизга маълум. Бугун ёшлар иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўз иқтидор ва имкониятларини намоён қилмоқда. Уларни янгича ёндашув, янгича ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларига кўмак бериш давр талабига айланмоқда.
Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятига қарашли Марказий кон бошқармаси тизимида ҳам рационализатор, изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўрганилиб, зарур шароит ва имконият яратиб берилаётир. Шунингдек, барча бўлим ва бўлинмалар негизида ихтирочи ёш кадрларнинг ғоя ва лойиҳаларини ишлаб чиқариш саноатига татбиқ этилмоқда. Қувонарли томони шундаки, янгича дунёқарашга эга, креатив фикрловчи ва асосийси, замон талабига мос равишда тўғри йўналишга эга бўлган ҳақиқий лидер ёшларнинг сафи тобора кенгаймоқда. Имкониятлар кўлами ҳам янада ортган. Ишлаб чиқариш саноатида фаолият юритаётган ёш рационализаторларга доимий эътибор туфайли уларнинг меҳнати муносиб қадр топмоқда. Бу эса ўз навбатида соҳада изланишлар олиб бораётган ёш кадрлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, биргина 2021 йилда кон бошқармаси томонидан 40 та рационализаторлик таклифи қабул қилинди. Улар синовдан ўтказилиб ишлаб чиқаришга татбиқ этилди. Ёш мутахассислар корхона илмий ҳаётида ҳам фаол иштирок этаётир. Марказий кон бошқармасининг барча таркибий бўлинмаларида улар учун ёш ихтирочилар ва рационализаторлар клуб ва тўгараклари ташкил этилган. Клуб ва тўгаракларнинг тўлақонли ишлаши учун бўлинмалар раҳбарлари томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Клуб аъзолари томонидан корхона ёшлари ўртасида фан-техника ижодкорлиги масалалари бўйича кенг тарғибот ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилган. Бундан ташқари, Марказий кон бошқармаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган жадвал асосида барча таркибий бўлинмаларидаги ёш ихтирочи ва рационализаторларни бирлаштириб, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида давра суҳбатлари ҳам олиб борилаётир. Унда ихтирочи ёшлар дуч келадиган муаммоли масалалар муҳокама қилиниб уларнинг ечимлари топилмоқда.

–Бугунги кунда комбинатимиз томонидан ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини уйғотиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – деди Марказий кон бошқармаси 2-гидрометаллургия заводи Компрессор участкаси бошлиғи Фаррух Халимов. – Шу боис корхонамиз тизимида лидерлик, етакчилик, жамоа билан ишлаш, ходимларни мақсадли ишлашга ўргатиш, ўзининг илғор ғоялари ортидан эргаштира олиш каби илғор усуллар устувор. Бугунги кун ёш кадрлар олдига ўз ишига ана шундай инновацион ва ғоявий устунлик орқали ёндашувни талаб қилмоқда.

Болалик чоғларимдан кончилик соҳасига қизиқишим баланд бўлганлиги ва ака-опаларим сингари олий маълумотли, ватанимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган инсон бўлиш мақсадида, Навоий давлат кончилик институтида таҳсил олдим. Олий таълим даргоҳини тугатгач 2014 йилда Марказий кон бошқармасига қарашли 2-Гидрометаллургия заводининг Маъдан тайёрлаш цехида ўз фаолиятимни бошладим. 2021 йилда ёш бўлишимга қарамасдан заводимиз рахбарияти мени Маъдан тайёрлаш цехи Компрессор участкаси бошлиғи этиб тайинлади.
Ўтган йилда “Йилнинг энг фаол мутахассиси” кўрик-танловида “Энг фаол ёш машинасоз” номинацияси бўйича ғолиб бўлганлигим қалбимда эртинги кунга умид ёлқинланиб, юксакликлар сари интилиш кучайишига сабаб бўлди. Бу эса ўз навбатида мени янада масъулият ва собитқадамлик билан кўпроқ ишлашга ундайди. Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз деганидек ишдан бўш вақтимдан унумли фойдаланиш мақсадида мана бир неча йилдирки, ўқув марказида таъмирловчи-чилангар, компрессор қурилмалари машинисти, сувни кимёвий тозалаш аппаратчиси каби касблар бўйича малака ошириш курсларида тингловчиларга дарс бериб келаман. Улуғ олмон шоири Гётенинг “Ҳар бир дақиқа бениҳоя қиммат, чунки у мангулик элчисидир” деган сўзлари мени эзгу мақсадларга бошлаган илк кўприкдир. Устозларим кўмагида, қолаверса тинимсиз изланишларим сабабали 2015 йилда илк рационализаторлик таклифимни ишлаб чиқдим. “Компрессорларда сиқилган ҳавони совутиш тизими совутгичлари конструкциясини ўзгартириш” мавзусида бўлган бу таклиф ҳозирги кунда ишлаб чиқаришга жорий қилиниб, совутиш тизими совутгичларини ечиш-йиғиш ишларида ишчи кучи ва сарфланадиган иш вақтининг камайишига олиб келиши билан самаралидир.

Ҳар бир инсон келажакда нима ишлар қилиши мумкинлиги ҳақида орзу қилади. Менинг энг катта орзуларимдан бири 2022 йилда Навоий давлат кончилик институтининг магистранти бўлиш ва қолаверса, комбинатимиз ҳамда заводимизнинг ишлаб чиқариш суръатини янада ошириш йўлида баҳолиқудрат хизмат қилишдан иборат.
–Болалигимдан асосий мақсадим шахс сифатида шаклланиш, ўсиб камолга етиш ва оиламга ғамхўрлик қилиш бўлган,– дейди Марказий кон бошқармаси Темир йўл транспорти бошқармаси ходими Озоджон Раҳматуллаев. – 2017 йил Тошкент темир йўл муҳандислари институтини битириб, Навоий кон-металлургия комбинати Акциадорлик жамияти Марказий кон бошқармаси Темир йўл транспорти бошқармаси Локомотив хўжалигига Харакатдаги составни таъмирловчи чилангар сифатида илк фаолиятимни бошладим. Ўзимнинг назарий билимларимни амалиётга татбиқ этиш орқали жонажон комбинамиз ривожига кичик бўлсада ўз улушимни қўшишни ният қилганим боис ишга тезда мослашиб кетдим. Ишга қабул қилинганимдан 6 ой ўтиб мен ёш мутахассис унвонига сазовор бўлдим. Иш фаолиятим давомида дунёқарашим ва касбий кўникмаларим анча сайқалланди, кўплаб дўстлар орттирдим. Устозларим ўгитлари ва оилам қўллаб-қувватлаши келажагим учун ҳақиқий пойдевор вазифасини бажарди, десам муболаға бўлмайди. Албатта, назария билан амалиётнинг ўрни бошқа-бошқа, шунинг учун изланиб, ўз устимда ишлаб, назарий билимларимни амалиётга қўллаш билан бирга соҳада мавжуд иш-тажрибаларни ўргандим, кези келганда ўз билганларимни ўргатдим.

Ўз ҳаётий матлабларим ва инсоний мақсадларимни юртимиз тараққиёти йўлида бахшида қилиш мен учун шарафдир. Ҳозирги кунда юртимизда яна бир муҳим ўзига хос давр, яъни Уйғониш жараёни бўй кўрсатмоқда. “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс” ғоялари биз ёшларни эзгу мақсадлар сари руҳлантирмоқда. Давлатимиз томонидан биз ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Шу сабабли юртбошимиз “биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму-шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз”, дея ишонч билдирди. Бу ишончга жавобан ҳар биримиз юрт равнақи, миллат тараққиёти учун фидокорона меҳнат билан жавоб қайтармоғимиз даркор.
Устозларим Сухробжон Назаров, Акмал Мўминов, Бахтиёр Ражабов ва Феруз Мирзаевлар билан биргаликда рационализаторлик таклифларимни ишлаб чиқдим, уларнинг маслаҳатлари ва амалий кўмагида соҳада тажриба орттирдим. Рационализаторлик йўналиши борасида ҳам аҳамиятга молик, ижобий ютуқларга эришдим. Жумладан, 2019 йилда “ВЛ-50 вақт релесини текшириш учун стенд” номли қўлланмамиз биз кутган натижани берди. Бу рационализаторлик таклифимиз иқтисодий самардорлик бериб, ҳозирги кунда Локомотив депоси Электр жихозларни таъмирлаш цехида қўлланиб келинмоқда. 2021 йилда эса иккита таклифим ўз самарасини берди. Биринчиси, “2ТЭ116(УМ) ва 2ТЭ25КМ тепловозларининг М-ТПП-3000-У2 тўғирлагичларидаги чангни сўриб олиш мосламаси” мавзусида бўлиб, мазкур мослама орқали сиқилган ҳаво оқими таъсирида юқорига кўтарилган чанг зарраларини сўриб олади ва ташқи атмосферага чиқариб юборади. Бунинг натижасида эса, тепловознинг электр тизими ва тўғирлагичнинг ишлаши стабиллашади, электр тизимда “ток қочқин оқими” ҳолати кескин камаяди. Шунингдек, тўғирлагичларнинг хизмат муддати сезиларли даражада ошиб, уларга техник хизмат кўрсатишда ишчи-ходимларга қулайликлар яратилади.
Иккинчи таклифим эса “Мой босими релеси, ҳарорат датчиклари, электродинамик мой босимини кўрсатгичи ЭДМУ-6(15) ва термодатчикларини таъмирлаш ва регулировка қилиш стенди” мавзуси остида яратилди. Бунинг афзаллик жиҳати шундаки, мазкур стенд мой босими релеси, ҳарорат датчиклари, электродинамик мой босимини кўрсатгичи ва термодатчикларни бир вақтнинг ўзида қисқа вақтда таъмирлаш, шу билан бирга созлаш имкониятини беради. Бу эса ўз навбатида янги ва мавжуд технологик жараёнларни такомиллаштиришда иштирок этиш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Таъмирланаётган мой босими релесини ва электродинамик мой босими кўрсатгичларини синаш, регулировка қилиш учун стендга қўл ёрдамида мой босимини ҳосил қилувчи қурилма ўрнатилган бўлиб, бу орқали ишчи-ходим керакли босимни ҳосил қилган ҳолда стенда ўрнатилган манометр орқали босимни назорат қилади. Регулировка қилинган датчиклар созлигини стенда ўрнатилган лампалар ёниши орқали билиш мумкин. Ҳароратни назорат қилиш эса махсус электркўрсаткичлар орқали назорат қилинади. Ушбу рационализаторлик таклифим ҳам яхши самара бермоқда. Айни пайтда устозларим бошчилигида янги ихтирочилик таклифлари устида изланяпман.
Комбинамизда ёшларга қаратилаётган эътибор сабаб касбим ортидан кўпгина ютуқларга эришдим. Энг қувқонарлиси, Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-ходимлари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” анъанавий кўрик-танловида “Энг фаол ёш транспортчи” номинацияси ғолиблигини қўлга киритдим. Айниқса, комбинат бўйича ўтказилган “Энг яхши ёш китобхон” танловида фахрли 2-ўринни эгаллаганим мен ва оилам, яқинларим учун чексиз қувонч келтирди. Буларнинг барчаси биз ишчи-ходимларга берилган имконият самараси, деб биламан. Чунки ҳаракат қилган, интилган ҳар бир инсон албатта кўзлаган чўққисини забт этади.
Ҳа, албатта, бу каби интилувчан ёш кадрларнинг сафи кенгайиб бораётгани, юксак чўққиларни забт этаётгани, Ватанимиз, қолаверса, жонажон комбинатимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшаётганлиги барчамизни қувонтиради. Бу ёш мутахассислар ғамхўр устозлари бошчилигида янги ихтирочилик таклифлари устида янада жиддий изланишлар олиб бораяптики, улар натижадор бўлишига шубҳа йўқ. Зеро, иқтидорли ёшларнинг ўз салоҳиятларини намойиш этишлари учун Марказий кон бошқармасида етарли шароит яратилган. Бу каби оловқалб ёшларнинг ишга ана шундай инновацион ва ғоявий устунлик орқали масъулият билан ёндашиши, ўзини ижобий томондан кўрсатиб, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиши уларнинг келажакда ёрқин истиқболларни очишига замин яратади.
Дилдора КАРИМОВА,
Азиза ИРИСОВА,
Навоий кон-металлургия комбинати
Марказий кон бошқармаси Ахборот хизмати.