Бугун изланувчан, ташаббускор, янги ғояларни таълим жараёнига жорий этишда фаоллик кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийлар борки, барининг иши қўллаб-қувватланмоқда, алоҳида рағбат ва эътибор кўрсатилмоқда.
Бу жиҳатлар мактаб таълими тизимида яққол кўзга ташланмоқда. Ишга ижодий ёндашаётган фидойи устозлар кўрсатилаётган эҳтиромни ўз амалий фаолиятида яққол ҳис этмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2025 йилда Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама олишга даъвогар устозлар учун синов жараёнлари ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнлар 2 босқичда бўлиб, бугун 1-босқич (тест синовлари) бўлиб ўтмоқда.
[gallery-21919]
Ушбу тест жараёнлари республикамизнинг барча ҳудудларида реал вақт режимида, 4 сменада ташкил этилган.
Жорий йилги тест синовлари олдинги йиллардан фарқли равишда онлайн тарзда ўтказилмоқда.
Ҳозирда 4 минг 500 нафар номзод рўйхатга олинган бўлиб, жорий йилда ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларнинг чекланган сони (йиллик) 1 минг 500 нафар этиб белгиланган.
Тест ўтказилган биноларда иштирокчилар учун барча шароитлар яратилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган малакали педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Н.Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА