Ҳар бир хонадондан масъулият талаб этади
Куз-қиш мавсумида аҳолининг электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёжи ортиб, иситиш ускуналаридан фойдаланиш жадаллашади. Айни пайтда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш нафақат моддий бойликларни асраш, балки инсон ҳаётини ҳимоя қилишнинг ҳам энг муҳим шартига айланади. Чунки оддий эътиборсизлик ёки ўз вақтида бартараф этилмаган носозлик ёнғин, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши ва ис газидан заҳарланиш каби оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш, фуқаролар учун хавфсиз яшаш шароитларини яратиш, маҳаллаларда профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, хонадонларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва иситиш мосламаларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилоятида ҳам мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Уларда газ жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, иситиш ускуналарининг техник ҳолатини текшириш, дудбўронларни тозалаш ва табиий газни тежаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда
Хўш, куз-қиш мавсумини хавф-хатарларсиз ўтказиш учун истеъмолчилар нималарга эътибор қаратиши лозим? – “Бухоро газ“ таъминоти филиали матбуот котиби Моҳигул Абдуллаева бу борадаги муҳим тавсиялар билан ўртоқлашди.

— Газ таъминоти ходимлари ва тегишли ташкилотлар масъуллари ҳамкорлигида жойларда профилактик тадбирлар ҳамда тушунтириш ишлари давом этмоқда. Иситиш мавсуми бошланишидан аввал печлар, дудбўронлар ва газ жиҳозларининг техник ҳолатини текшириш зарур. Дудбўронларнинг тоза ва созлиги, ҳаво тортиш хусусияти талаб даражасида эканига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, носоз ёки қўлбола усулда тайёрланган иситиш мосламаларидан фойдаланиш мумкин эмас. Стандарт талабларига жавоб берадиган ускуналарни ишлатишда ишлаб чиқарувчининг йўриқномасига амал қилиш, газ жиҳозларини резина шланглар орқали ўзбошимчалик билан уламаслик ва иситиш печларини ҳаддан ташқари қиздириб юбормаслик керак. Табиий газ тармоқдан узилган ҳолларда барча газ ускуналарининг жўмракларини беркитиш, носоз газ плиталари ҳамда техник кўрикдан ўтмаган газ баллонларидан фойдаланмаслик ҳам муҳим талаблардан ҳисобланади, — деди Моҳигул Абдуллаева.
Хавфсизлик қоидаларига амал қилиш фақат газ таъминоти ходимлари ёки масъул ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу — ҳар бир хонадон эгасининг ўз ҳаёти, оила аъзолари ва атрофдагилар олдидаги масъулиятидир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, хонада газ ҳиди сезилганда электр чироқларини ёқиш ёки ўчириш, гугурт чақиш ва учқун чиқариши мумкин бўлган бошқа воситалардан фойдаланиш қатъиян мумкин эмас. Бундай вазиятда, хавфсизликни таъминлаш имкони бўлса, газ жўмракларини беркитиш, эшик ва деразаларни очиб хонани шамоллатиш, одамларни хавфсиз жойга олиб чиқиш ҳамда зудлик билан газ авария хизматига 104 рақами орқали хабар бериш зарур. Ёнғин содир бўлганда эса 101 рақамига қўнғироқ қилиш лозим.
Энг муҳими, хавфни сезганда унинг ўзи-ўзидан бартараф бўлишини кутиш ёки носозликни мустақил равишда тузатишга уриниш мумкин эмас. Ҳар қандай шубҳали ҳолатда мутахассисларга мурожаат қилиш инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Куз-қиш мавсумида хавфсизликни таъминлаш борасидаги тарғибот ишлари аҳолининг хабардорлигини ошириш, эҳтимолий бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Бироқ тушунтириш ишларининг самараси, энг аввало, ҳар бир фуқаронинг берилган тавсияларга қай даражада амал қилишига боғлиқ. Зеро, носоз ускунани ўз вақтида таъмирлаш, дудбўронни тозалаш, газ жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик ва хавфли вазиятда тўғри ҳаракат қилиш — гўёки оддий кўрингани билан, инсон ҳаётини асрашга хизмат қиладиган муҳим чоралардир.
Қишни беталафот ўтказиш фақат тегишли ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан эмас, балки ҳар бир хонадонда хавфсизлик маданиятига қатъий амал қилиниши билан таъминланади. Зеро, эҳтиёткорлик — ўз ҳаётимиз ва яқинларимиз тақдирига бефарқ бўлмасликнинг энг оддий, айни пайтда энг муҳим ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири