Ҳар бир тўгаракда бир қизиқиш, бир изланиш...
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол, изланувчан ва фидойи шахс қилиб вояга етказишга қаратилган.
Бугунги шиддатли замон фақатгина синфхонада олинган назарий билимлар билан чекланиб қолмасдан, дарсдан ташқари жараёнларда ҳам тинимсиз изланишни, амалий кўникмаларни пухта эгаллашни талаб этмоқда. Мана шундай “таълимдан ташқари таълим” масканлари қаторида тўгараклар ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларда мустақил фикрлаш ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришда муҳим кўприк вазифасини бажаради.
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида бугунги кунда ана шундай завқ-шавққа тўла 43 та тўгарак фаолият юритади. Ватанпарварликдан тортиб сунъий интеллект, хорижий тиллар, робототехника, спорт, киберспорт ва ихтирочиликкача бўлган турфа йўналишлар ёшларнинг қанотига айланмоқда. Бир хонада курсантлар тарих билан юзлашса, бошқасида ёшлар дронларни осмонга кўтариш сирларини эгалламоқда. Кимдир ўз қўли билан ясаган илк ноёб қурилмасини синовдан ўтказса, Маданият марказида ҳарбий оркестрнинг оромбахш куйлари янграб турибди.
Миллий ифтихор ва ҳарбий ватанпарварлик кафедрасидаги тўгаракларга кирсангиз, қизиқарли суҳбатларга гувоҳ бўласиз. “Жадид издошлари” тўгарагида жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолияти ўрганилади. “Тарих ва миллий ҳарбий мерос”да аждодларимизнинг ҳарбий санъати, жанглардаги жасорати ҳақида гаплашилади. “Заковат”да эса курсантлар бир-бири билан савол-жавоб қилиб, мантиқий саволларга жавоб излайди. Курсант Одилбек Муҳаммадов “Тарих ва миллий ҳарбий мерос” тўгарагига қатнашади.

– Бу ерда фақат тарихни ўрганмаймиз, балки аждодларимиз тактикасини бугунги замонавий вазиятлар билан солиштирамиз. Масалан, “Темур тузуклари”даги ҳарбий интизом ва бошқарув тартибини ўрганиш бизга бўлажак командир сифатида қарор қабул қилиш масъулиятини тушунишга ёрдам беради, – дейди у. Бу кафедрада яна “Ёш ҳарбий ҳуқуқшунослар”, “Фалсафа ва тафаккур”, “Ёш таҳлилчилар”, “Ватанпарвар” каби тўгараклар ҳам бор. Уларда курсантлар ҳуқуқий саволларга жавоб излайди, турли мавзуларда фикр алмашади. Бундай машғулотлар ёшларнинг ўз фикрини эркин айтишига ҳам ёрдам беради.
“Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект” тўгараги раҳбари, педагогика фанлари доктори, доцент Салоҳиддин Бобожоновнинг айтишича, машғулотларда курсантлар фақат назария билан чекланмайди. Ўрганганларини дарҳол амалда синаб кўришади.

– Замонавий офицер технология билан ишлай олиши ва уни хизматда қўллашни билиши керак. Шунинг учун курсантларга IT ва сунъий интеллект бўйича амалий билим беришга ҳаракат қиляпмиз. Машғулотлар Pythonacademy.uz платформаси орқали, гибрид шаклда олиб борилади, – дейди тўгарак раҳбари.
Курсант Абубакр Абдураҳмонов ҳам бу тўгаракка аввалдан қизиқиб келади.
– Биринчи келганимда дастурлаш ва алгоритмлар жуда қийин туюлган. Ҳозир эса кўп нарсани ўргандим. Мантиқий масалаларни ечиш, IT воситалари билан ишлаш, дронларни бошқаришни ўзлаштирдим. Жамоат хавфсизлиги университетида олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган мусобақада дрон йўналишида иштирок этдим. Бу мен учун катта тажриба бўлди, – дейди у.
Умумтехник ва табиий фанлар кафедрасидаги “Ёш тадқиқотчи” тўгарагида ҳам курсантлар бекор ўтиришгани йўқ. Бу ерда физика ва электротехника бўйича олган билимларини амалда синаб кўришади. Кафедра ўқитувчиси, техника фанлари номзоди, доцент Шерози Мсиров раҳбарлигида токнинг магнит майдони индукциясини ўрганиш учун лаборатория қурилмаси яратилмоқда.
– Бу қурилма курсантларга назарияда ўрганганларини амалда кўриш имконини беради. Улар фақат тайёр нарсани ўрганиб қолмай, ўзлари ҳам тажриба ўтказишади, – дейди Шерози Мсиров.
Курсант Мангуберди Чориев ҳам бу ишга қизиқиш билан қатнашмоқда.
– Китобдан ўқиган нарсангизни ўз қўлингиз билан ясаган қурилмада кўриш бошқача экан. Лабораторияда ҳар бир миллиампер ва вольтнинг аҳамиятини амалда тушунамиз, – дейди у.
Баъзан бирор нарсани китобдан ўқиб тушуниш қийин бўлади. Уни ўз қўлинг билан ясаб, ишлатиб кўрсанг бошқача.
Университетдаги ҳар бир тўгарак техника ёки тарих билан боғлиқ эмас. Ҳарбий оркестр тўгараги ҳам бор. Бу ерда курсантлар мусиқа асбобларини чалишни ўрганишмоқда. Ҳарбий оркестр тўгараги илк бор ташкил этилган. Оркестр бошлиғи майор Мақсуд Райимовнинг нияти эса ҳар бир курсант камида битта чолғу асбобини чалишни билишига эришиш.

– Мақсадимиз фақат мусиқа ўргатиш эмас. Курсантлар қалбида гўзаллик ва эзгулик туйғуларини ҳам тарбиялашни истаймиз. Мусиқа инсонни сабрли қилади, руҳиятини бойитади, – дейди у. Курсант Шерзод Норбоев бир неча ой аввал биринчи марта саксофон ушлаган. Ҳозир эса мусиқа чалишни ўрганяпти.
– Бўш вақтимда мусиқа тўгарагига келаман. Ўзим ёқтирган куйларни чалишга ҳаракат қиламан. Бу машғулотлар менга жуда ёқади. Мусиқа бошқалар билан биргаликда ҳаракат қилишни, бир-бирини тинглашни ҳам ўргатади, – дейди у.
Ҳарбий таълимда мусиқанинг ҳам ўрни борлиги қизиқ. Чунки офицер ҳам аввало инсон. Унинг дунёқараши, диди ва маънавий олами ҳам бой бўлиши керак.
Университетда тўгаракларни ташкил этишда хорижий тажрибаларга ҳам эътибор қаратилган. Ўқув ва услубий ишларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи подполковник Иброҳим Хамдамовнинг айтишича, Туркия Республикаси Миллий мудофаа университети тажрибаси ҳам ўрганилган.
– Туркия ҳарбий таълим тизимида курсантларни ҳар томонлама тайёрлашга катта эътибор берилади. Уларда курсантлар камида 25 та фан, бадиий ва спорт клубларига жалб этилади. Битирувчилар ҳарбий билим билан бирга фуқаролик таълими, чет тили, спорт, парашютчилик, дрон операторлиги каби йўналишларда ҳам малака олади. Биз ҳам бу тажрибани ўрганиб, ўз шароитимизга мослаштирдик, – дейди у.
Ҳозирда университет республикамизнинг 12 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган. Бу орқали талабалар ва курсантлар бир-бири билан тажриба алмашиши, биргаликда машғулотлар ўтказиши, лабораториялардан фойдаланиши мумкин. Ҳамкорлик ва машғулотлар натижаси мусобақаларда ҳам кўринмоқда. 28–31 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Usmonov Kombat Systems” спорт тури бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда бешта давлатдан 600 дан ортиқ спортчи қатнашди. Университет терма жамоаси 19 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
30–31 октябрь кунлари Жамоат хавфсизлиги университетида олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари курсантлари ўртасида технологик ва ҳарбий-спорт ўйинлари бўйича Спартакиада ўтказилди. Курсантлар “Dron Racing”, “Dron Soccer”, “Киберхавфсизлик” ва “Киберспорт” йўналишларида беллашди.
Университетдаги тўгараклар ҳақида маълумот тўплар эканман, бир нарсага эътибор бердим: курсантларнинг қизиқишлари бир хил эмас. Кимдир тарихни яхши кўради, кимдир техникага қизиқади. Бири мусиқа билан шуғулланса, бошқаси спортда ўзини синаб кўради. Муҳими, уларнинг ҳар бирига ўз қизиқиши билан шуғулланиш имконияти берилган.

Бугун дрон бошқаришни ўрганаётган курсант эртага бу билимдан хизматда фойдаланиши мумкин. Лабораторияда қурилма ясаётган ёш эса келажакда янги ихтироларга қўл уриши эҳтимол. Тарихни ўрганаётган курсант аждодларимиз меросини чуқурроқ англайди. Менимча, тўгаракларнинг энг катта ютуғи ҳам шу. Ёшлар ўзини синаб кўради, нимагадир қизиқиб қолади, ўрганади ва изланади. Ахир яхши офицер бўлиш учун фақат ҳарбий билимнинг ўзи етарли эмас. Кенг дунёқараш, мустақил фикр ва доимий изланиш ҳам лозим.
Шоҳиста Абдураҳмонова,
санъатшунос
ЎзА