Ҳар бир тадбиркор муаммоси жойида ўрганилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Навбаҳор туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган Марказий банк штаби фаолияти янада жадаллашмоқда.
Штаб аъзолари ҳар бир маҳалла кесимида аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини жойида ўрганмоқда.
Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси бошлиғи Шавкат Шаропов бошчилигидаги штаб аъзолари бу гал туманнинг Пахтакор маҳалласида бўлиб, соҳил бўйида ташкил этилаётган “Grand” МЧЖ фаолияти билан танишди.
[gallery-30755]
Ички туризмни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган умумий овқатланиш лойиҳасининг қиймати 10 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳани молиялаштириш учун “Алоқабанк” томонидан 5 миллиард сўм кредит ажратилган. Объектни жорий йил октябрь ойида ишга тушириш ва 40 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Штаб аъзолари тадбиркор билан мулоқот давомида лойиҳани амалга ошириш жараёнида юзага келаётган муаммолар ва таклифларни ўрганди.
Навбатдаги манзил туманнинг Қоражон маҳалласидаги “Paradice Garden” МЧЖ бўлди.
Корхонада 150 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бунда, асосан, яқин атрофдаги маҳаллаларда яшовчи камбағал оилалар аъзолари ва ишсиз фуқаролар, хусусан, ишсиз аёлларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги иш ўринларининг 70 фоизини хотин-қизлар ҳисобига шакллантириш режалаштирилган.
Лойиҳани амалга ошириш учун “Халқ банки” томонидан 1,1 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган. Илгари банк балансида бўлган бино янги ташаббускорга сотилиб, кредит маблағлари ҳисобидан корхона фаолиятини кенгайтириш ишлари бошланган. Лойиҳани жорий йил сентябрь ойида тўлиқ қувватда ишга тушириш режалаштирилган.
Штаб аъзолари Пахтакор маҳалласидаги “Jahon savdo plast” МЧЖда ҳам бўлиб, корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти ва мавжуд имкониятларини ўрганди.
Корхона турли хил полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Хитойдан янги ускуналар олиб келиш мақсадида “Халқ банки” томонидан 140 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган. Бу маблағ ҳисобидан учта янги ишлаб чиқариш линияси олиб келинмоқда. Лойиҳа доирасида яна 15 та иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Ўрганиш давомида корхонада электр энергияси харажатлари ойига 40 миллион сўмни ташкил этаётгани аниқланди. Муаммони бартараф этиш мақсадида корхонада 200 киловатт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш учун имтиёзли кредит ажратиш таклифи билдирилди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА