Ҳар бир мурожаат назоратда
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди. Унда аҳолини қийнаётган ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилди.
Қабулда вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари онлайн тарзда иштирок этди. Фуқароларнинг мурожаатлари юзма-юз ҳамда видеоалоқа орқали қабул қилиниб, ҳар бири атрофлича муҳокама этилди. Саломатлиги туфайли Халқ қабулхонасига кела олмаган фуқаролар учун ҳам ZOOM платформаси орқали мулоқот қилиш имконияти яратилди. Жараёнда ер ажратиш, уй-жой, моддий ёрдам, тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, иш билан таъминлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, коммунал хизматлар ҳамда бошқа ижтимоий-маиший масалаларга оид мурожаатлар тингланди.

Ҳар бир мурожаат тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди. Айрим мурожаатлар юзасидан фаоллар, мутасаддилар ва депутатлар иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиши белгиланди.

Қабулда 40 нафарга яқин фуқаронинг 60 дан ортиқ мурожаати кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти бўйича ижобий ечимлар қабул қилинди, қолганлари белгиланган тартибда назоратга олинди. Муҳими, бундай қабуллар аҳолининг долзарб муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топиш ҳамда давлат органлари билан фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА