Президент ташрифидан сўнг...
Маҳалла жамиятнинг энг қуйи, бироқ энг таъсирчан бўғини саналади. Ҳар қандай муаммо аввал шу ерда намоён бўлади. Агар масала маҳалланинг ўзида ечим топса, ортиқча вақт ва ресурс сарфланмайди.
Эътибор қилсак, маҳаллада турли соҳалар билан боғлиқ муаммолар бир-бирига чамбарчас боғланган. Ишсизлик, уй-жой, ижтимоий нафақа, таълим ва соғлиқни сақлаш каби масалалар шундай кесишадики, калаванинг учини топиш осон кечмайди. Шу боис ҳар бир муаммони тарқоқ тарзда эмас, балки маҳалланинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб ҳал қилиш самарали ҳисобланади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва ижтимоий ҳаётда ана шундай ёндашувга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чигалликларни маҳалланинг ўзида ҳал этиш ғояси илгари сурилмоқда.
Эндиликда фуқаро давлатдан узоқда эмас, балки унинг ҳамфикри ва ҳамкори сифатида кўрилмоқда. Фуқаролар ташаббуси қўллаб-қувватланса, маҳалладаги одамлар ўзини ижтимоий жараённинг фаол иштирокчиси сифатида ҳис этади. Бу жамиятда ҳамжиҳатлик ва ишонч муҳитини кучайтиради.
Бу борада танланган йўл аниқ, ундан ортга қайтилмайди. Ҳудудларда маҳаллаларимиз босқичма-босқич обод бўлаётгани кўнгилни кўтаради. Бу фикр билан нима демоқчи бўлганимизни англадингиз. Тан олиш керак жойларда ҳали муаммолар бор.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида кутилмаганда Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига ҳам кирди. Давлат раҳбари бу ердаги манзарадан қониқмагани аниқ. Чунки маҳалланинг бугунги аҳволи ислоҳотларга мос эмас.

Беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган бу ҳудудда ички йўллар таъмирталаб, кўчаларда ёритгичлар ва сув лотоклари йўқ. Аҳоли орасида 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз ва 157 нафар меҳнат мигранти бор.
Ҳолбуки, Шўрариқнинг йўл бўйида жойлашгани тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун катта имконият яратади. Президент бу ресурслардан самарали фойдаланиш, айниқса, бўш турган биноларни давлат-хусусий шериклик асосида ишга солиш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари маҳалланинг меҳнаткаш, самимий аҳолиси билан мулоқот қилди. Бу ер янгича қиёфа касб этишини алоҳида таъкидлади. Масъулларга кўчалар обод қилиниб, инсонлар дам олиши ва фарзандлари билан сайр қилиши учун қулай муҳит яратиш бўйича топшириқлар берди.
Топшириқлар ижроси доирасида маҳалланинг ривожланиш концепцияси тайёрланиб, тадбиркорликка шароит яратиш учун мастер-режа ишлаб чиқиладиган бўлди.
Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон нафаси Шўрариқда ҳам сезилиши шарт” деган сўзлари аҳолини тўлқинлантириб юборди. Ўзаро суҳбатларда яқин бир-неча ойларда маҳаллада катта ободонлаштириш ишлари бошланади деган гаплар авж олди.
Қувонарлиси, шўрариқликлар тахмин қилган “бир неча ой” кўп куттирмади. Ҳудудни, айнан давлат раҳбари айтганидек, “Янги Наманган” маҳалласига айлантириш жараёни бошланди. Президентимизнинг вилоятга ташрифидан кейиноқ, топшириқлар ижросига киришилди. Ёши улуғлар ва фаоллар бошланган бу хайрли ишлар олдидан дуога қўл очди. Давлат томонидан бу ерга қаратилаётган эътибордан хурсандлигини, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида ёшу-қари камарбаста бўлишини таъкидлади.
Бугун маҳалладаги барча ишларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ташкил этилган. Туман ҳокими эса ислоҳотларни тезлатиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш, маҳаллани обод масканга айлантириш мақсадида барча чораларни кўради.

Лойиҳа доирасида замонавий маҳалла гузари, сайилгоҳ, болалар ва спорт майдончалари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси барпо этилади. Мактаб ва боғчалар давлат инвестиция дастури асосида капитал таъмирдан чиқади. Йўллар асфальтланиб, дарахт ва гул кўчатлари экилади. Эски боғлар янгиланади. Аҳоли эса ижтимоий шартнома асосида ўз уй-жойини тартибга келтиради.
Президент 16 сентябрь куни Наманган вилоятида ўтказилган йиғилишда ҳам маҳаллалар ободлиги мавзусига алоҳида тўхталди. Хусусан, “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастурини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Унга кўра, мамлакат бўйлаб энг оғир аҳволдаги 328 та маҳалла дастурга киритилади. Энг яхши натижа кўрсатган ҳудудларга “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақоми берилиб, уларга яна қўшимча имкониятлар тақдим қилинади.
Сўзимиз бошида таъкидлаганимиздек, маҳалладаги муаммоларни жойида ҳал этиш бугунги куннинг талабидир. Бу жараён нафақат давлат хизматининг самарадорлигини оширади, балки жамиятда ишонч, бирдамлик ва фаоллик муҳитини яратади.
Одамлар ўзини давлат сиёсатининг объекти эмас, балки тўғридан-тўғри иштирокчиси сифатида ҳис қилар экан тараққиёт йўлидаги кутилган натижаларга тезроқ етишаверамиз.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси