Ҳамкорликни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда
Навоий халқаро аэропортида вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорлар учун яратилган имкониятларни кенг тарғиб этиш ҳамда юк ташиш хизматларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда божхона бошқармаси ходимлари, вилоятдаги экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар, шунингдек, курьерлик, почта жўнатмалари ва юк ташиш (карго) хизматларидан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар иштирок этди.
Унда Президентимизнинг 2026 йил 9 февралдаги “Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, белгиланган вазифалар, аэропорт тизимида яратилган қулайлик ва имтиёзлар, юкларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда ташиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда аэропорт хизматларидан фойдаланиш орқали юк ташиш харажатларини камайтириш, логистика жараёнларини самарали ташкил этиш ва экспорт-импорт операцияларини янада қулай амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга аэропорт орқали юк ташиш хизматларидан фойдаланишда нарх жиҳатидан мавжуд афзалликлар тушунтирилиб, аэропортнинг юк терминали имкониятлари ва хизмат кўрсатиш йўналишлари таништирилди.

Шунингдек, тадбиркорлар ва экспортёрлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда аэропорт хизматларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида иштирокчиларнинг савол ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири