Ҳамкорлик ва тажрибалар алмашинувида гап кўп
Сирдарё вилоятида босма оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус пресс-тур ташкил этилди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан амалга оширилди ва мақсад – маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда телерадио соҳасидаги янгиланишлар билан яқиндан таништириш, босма ва электрон нашрлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш эди.
Пресс-тур давомида журналистлар биринчи навбатда Гулистон шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ёшлар билан учрашувда қатнашди. Ўқувчилар ва мактаб раҳбарлари билан мулоқот жараёнида газета ва журналларнинг шахс маънавияти, келажак авлод тафаккурининг шаклланишидаги аҳамияти, шунингдек, обуначилар сонини ошириш орқали маънавий етук авлодни тарбиялаш йўллари муҳокама қилинди.

Тадбирда “Тонг юлдузи” ва “Маърифат” газеталари, “Ғунча” ва “Гулхан” журналлари бош муҳаррирлари иштирок этди. Улар газета-журналларда амалга оширилаётган ижодий жараёнлар, янгиланишлар ва замонавий таҳририй методлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, обуначиларни кўпайтиришнинг аҳамияти таъкидланиб, бу қадам маънавий комил авлод тарбиясида муҳим ўрин тутишлиги қайд этилди.

Пресс-турнинг иккинчи қисми Сирдарё вилояти телерадиоканалида ташкил этилди. Меҳмонлар янги бинодаги каналнинг ички имкониятлари, техник жиҳатлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишишди. Ҳозирда телерадиоканалда 64 нафар ходим фаолият юритиб, телевидениеда 18 соат, радиода эса 16 соатлик эфирга чиқиш имконияти яратилган. Шу орқали ижодий ва техник ходимлар томошабин ва тингловчиларни ҳудуддаги янгиликлардан тезда хабардор этиш , шунингдек, таҳлилий, маданий-маърифий ва кўнгилочар дастурларни кўримли ва қизиқарли қилишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Яна бир муҳим янгилик шуки, “Сирдарё” телеканалида сунъий интеллект технологиялари эфирда қўллана бошлади. Бу эса пресс-тур иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
– Пресс-тур доирасида меҳмонларимизга яратилаётган имкониятларни яқиндан кўрсатиш биз учун муҳим эди, – дейди Сирдарё вилояти телерадиоканали раҳбари Зафар Дарханов. – Зеро, янги бинода ташкил этилган замонавий студиялар, техник жиҳозлар ва айниқса, сунъий интеллект асосидаги дастурлар орқали биз томошабинларимизга янада сифатли контент тақдим этиш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Бу каби очиқ мулоқотлар босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишига хизмат қилади.
– Бугунги пресс-тур босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, маҳаллий журналистлар учун касбий тажриба алмашиш имкониятини яратади, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. – Бу эса аҳолига тезкор ва сифатли ахборот етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Пресс-турнинг якунловчи қисмида босма ва электрон ОАВ ходимлари ўртасида фикр алмашинув бўлиб ўтди. Шу орқали газеталар ва журналлар ҳамда телерадиоканал ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий журналистикада замонавий тенденциялардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири