Ҳамкорлик меморандуми: “Яшил ҳудуд” барпо этилади
Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Корея Республикасининг “KT&G Corporation” корпорацияси ўртасида “KT&G Pine Tree” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни имзолашга бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокимлиги, Корея Республикасининг “KT&G Corporation” корпорацияси, вилоят туризм, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари, “Go and Do” ташкилоти, “D-tour” туризм агентлиги, “Hamrоh” ва бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимлиги котибияти мудири Элёрбек Холмирзаев, Корея Республикасининг “KT&G Corporation” корпорациясининг Ўзбекистондаги бош директори Ли Жонг Юуб Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлиги, Андижон вилоятида яшил ҳудуд барпо этиш мақсадида йўлга қўйилган ушбу ҳамкорлик ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлигини таъкидлади.
Тадбирда ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга ошириладиган лойиҳанинг мақсади, аҳамияти ва истиқболи ҳақида кенг маълумотлар берилди.
[gallery-29084]
– Лойиҳанинг биринчи босқичида Бобур шаҳридаги яшил ҳудуд қилиш учун ажратилган майдонга 200 туп қарағай кўчати ўтказилади, – дейди “Hamrоh” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Гулнорахон Юлдашева. – Ушбу кўчатлар кузга қадар парваришланади. Кўчатларнинг парвариши, ўсишида салбий ҳолатлар кузатилмаса, куз ойида яна 2 минг туп кўчат экилиши кўзда тутилган.
Самимий мулоқот руҳида ўтган тадбирда меҳмонларга Андижон вилоятида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, вилоятнинг туристик имкониятлари, мавжуд туристик йўналишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.