Беларусь Республикасида “Ҳамдўстлик болалари” Х халқаро маданий-маърифий форуми бўлиб ўтмоқда.
Мазкур анъанавий нуфузли тадбирда Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистондан 14-17 ёшдаги мактаб ўқувчилари ва уларнинг устозлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева форум иштирокчиларига йўллаган табригида қирғизистонлик ҳамкасблари ташаббуси билан бошланган "Ҳамдўстлик болалари" форуми бугунги кунда МДҲ мамлакатлари ёшлари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган яхши анъанага айланганини қайд этди.
Форум доирасида Ўзбекистон куни кенг нишонланди. Тадбирда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, миллий урф-одат ва анъаналари кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари халқ қўшиқлари ва рақсларини ижро этди ҳамда миллий ўйинлар намойиш этилишини ташкил қилди. Шунингдек, форум иштирокчилари ўзбек мусиқаси ва адабиёти билан яқиндан танишиш, миллий таомлардан татиб кўриш имконига эга бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА