Халқлар дўстлиги рамзига эҳтиром (+видео)
Ҳазрат Навоий ва Фузулий, Айний ва Махтумқули, Чингиз Айтматов ва Мухтор Авезовлар бир маконда яшаётган қондош-қардош халқларнинг бирдамлигини орзу қилиб ва куйлаб ўтдилар.
Ниҳоят, 2025 йил 31 март куни минтақа марказларидан бири – Хўжандда тарихий воқеа рўй берди. Асрлар оша ҳам келажак авлод “Хўжанд декларацияси” деб эъзозлайдиган ҳужжат имзоланди. Бу абадий дўстлик, стратегик муносабатларни тасдиқловчи шаҳодат эди.

Уч давлат: Ўзбекистон – Тожикистон – Қирғизистоннинг аҳди- паймони, қабул қилган қарори асосида чегаралар туташган нуқтада “Дўстлик стеласи” бунёд этилди ва очилди.
Фарғонада ўз ишини бошлаган “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми” қатнашчилари “Дўстлик стеласи” пойига келдилар ва қардош халқлар номидан эҳтиром гулчамбарини қўйдилар.

— Қаранг, бу ёқ Қирғизистон, бу томонда Тожикистон, биз Ўзбекистондамиз. Азалдан барчамиз бир ариқдан сув ичганмиз. Қиз олиб қиз берганмиз. Президентларимиз тарихий бирликни тикладилар, — дейди Қирғизистон делегацияси аъзоси Хаирбек Эшмурзаев.
Шундан сўнг “Дўстлик стеласи” атрофида янграган қардош миллатларнинг дилбар куй-қўшиқлари садосида байрам тадбири тантанали равишда давом этди. Саҳна узра янграган ҳар бир оҳанг турли халқларнинг бой маданий мероси, ўзига хос анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этиб, йиғилганларга унутилмас таассурот улашди.

— Ишонаманки, бизнинг аждодларимиз бу ерга келиб халқлар дўстлигининг қудратини ҳис қиладилар. Яшасин, абадий дўстлигимиз, — дейди тожикистонлик Ҳакимжон Зокиров.
— Ушбу ёдгорлик яқин қўшничилик, ишонч рамзи бўлиб, минтақада катта аҳамиятга эга, —дейди Озарбайжондан келган дипломат Шахида Махлиева. – Озарбайжон Марказий Осиё давлатларининг яқин дўсти ва ишончли ҳамкори. У бу жараённи қўллаб қувватлайди.

“Дўстлик стеласи” Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва ҳамжиҳатлик тимсолига айланди. Унинг айнан Ўзбекистон туманида бунёд этилгани бежиз эмас. Ушбу ҳудуд Қирғизистоннинг Боткен тумани ҳамда Тожикистоннинг Исфара тумани билан чегарадош бўлиб, қадимдан турли миллат вакилларининг ўзаро яқин алоқалари, қўшничилик ришталари ва маданий ҳамкорлиги шаклланган маскан сифатида ҳам аҳамиятлидир.
—Давлатларнинг дўстлиги мустаҳкам эканини кўриб дунёларга сиғмай кетяпмиз, — дейди яна бир қирғизистонлик фаол Селима Артикбаева. – Қирғиз элидан катта саломларимизни олиб келдик. “Дўстлик стеласи” уч давлат қуёши бир жойдан кўтариладиган масканга айланибди. Ғоя муаллифи бўлган Президентларимизга чексиз миннатдорчилик билдираман.

“Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми” доирасида тадбирлар минтақа халқларини янада яқинлаштириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда умумий тараққиёт йўлида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.
— 31 март кунигача давом этадиган форум доирасида ўқув семинарлари, миллатлар маданияти, урф-одатларини акс эттирувчи кўргазмалар, халқаро конференциялар бўлиб ўтади. Мазкур форум юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги дўстлик, тинчлик сиёсатининг ёрқин ифодасини намоён этади, — деди Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Озодбек Қувондиқов.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HYsjivKRBZg" title="Халқлар дўстлиги рамзига эҳтиром" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Дўстлик форуми эртага ўз ишини давом эттиради.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА