Халқимиз фаровонлиги ва тараққиётнинг мустаҳкам асоси
Муносабат
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш ҳақидаги қарори шу юртнинг фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг руҳиятига кўтаринки кайфият бағишлади десак, муболаға бўлмайди.
Мустақиллик бу ҳар қандай давлатнинг энг олий неъмати, унинг барқарор тараққиёти ва халқаро майдондаги нуфузининг мустаҳкам пойдеворидир. Айниқса, Янги Ўзбекистон шароитида мустақиллик ғояси янги мазмун ва моҳият касб этиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарорда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида урғу берилган.
Депутат сифатида таъкидлашни истардимки, бу каби кенг қамровли тадбирлар аҳоли, айниқса ёш авлод онгида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки мустақиллик бу фақат тарихий ютуқ эмас, балки келажак олдидаги улкан масъулиятдир.
Қарор доирасида республика бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган “Мустақиллик тўйи” фестиваллари, маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳалар жамиятимизни янада бирлаштиришга хизмат қилади. Ушбу тадбирларга барча қатлам вакилларини кенг жалб этиш орқали юртимиздаги ижтимоий фаолликни ошириш мумкин. Шунингдек, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни ёритувчи китоблар, ҳужжатли фильмлар ва илмий анжуманларнинг ташкил этилиши миллий тараққиётимиз тарихини чуқур ўрганиш ва уни келажак авлодга етказишда муҳим ўрин тутади.
Айниқса, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Зеро, ёшлар мамлакатимиз келажаги, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб нишонлаш нафақат ўтган йўлимизни сарҳисоб қилиш, балки янги марраларни белгилаш, халқимизнинг бирдамлиги ва ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз, халқ вакиллари сифатида, ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда бор куч-ғайратимизни сафарбар этиб ёшларга ўрнак бўлишимиз лозим.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА.