Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 12 май куни халқ таълимини ривожлантириш ва унинг яқин йиллардаги асосий йўналишларини белгилаб берадиган иккита муҳим ҳужжат – “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон ҳамда “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.
“2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга қуйидаги тартибда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.
Жумладан, халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида, халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида устама тўланиши белгилаб берилди.
Бунда миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим. Давлат тест марказининг мазкур банднинг тўртинчи хатбошида кўрсатилмаган миллий тест тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида устама тўланади.
Бунда 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида С1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 фоиз миқдорида белгиланган. Педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама – умумтаълим фанлари бўйича сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади.
Шунингдек, умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ фоиз устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.
Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида ҳар йили 1 августга қадар миллий баҳолаш тизимига мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхати, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхати ҳамда халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхати ҳамда ҳар ойлик устама олиш учун уларнинг тегишли даражалари эълон қилиб борилади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва “Болалар кутубхоналари” ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилади.
ЎзА