Халқаро велоспортчилар куч синашмоқда
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “TOUR OF BOSTONLIQ” халқаро мусобақаси бошланди. Дастлабки кун турнир анъанасига мувофиқ муҳим ташкилий йиғилиш юқори савияда ташкил этилди. Унда халқаро даражадаги ҳакамлар, комиссарлар ҳамда жамоалар менежерлари иштирок этиб, мусобақанинг барча жиҳатлари — пойга йўналишлари, техник талаблар, хавфсизлик қоидалари ва ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Барча жамоаларга юқори даражадаги тайёргарлик ва қатъий интизом муҳим экани алоҳида таъкидланди. Якунда Ўзбекистон велоспорт федерацияси томонидан ҳар бир жамоага эсдалик совғалари топширилди.



Шундан сўнг дастлабки велопойгаларга старт берилди. Мазкур мусобақада жаҳон велоспорти юлдузлари Бўстонлиқ тумани йўлларида куч синашмоқда. Юқори тезлик, кескин рақобат ва адреналинга тўла икки босқичли халқаро пойга – UCI 2.2 тоифасида ўтади. Унда 10 дан зиёд давлат вакиллари иштирок этяпти ва рейтинг очколар берилади.


Хусусан, бугун "TOUR OF BOSTONLIQ LADIES" мусобақаси биринчи босқичи якунланди. Қизғин ва муросасиз баҳслар натижасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унга кўра, яққол устунлик билан биринчи ўринни Абдуллаева Шаҳноза — 2:28:39 (Uzbekistan Cycling Team) натижа билан қўлга киритди. Иккинчи ўринда Зҳоу Қуинг — 2:29:47 (XDC China Women Team) ва учинчи ўринда эса Зҳанг Ҳао — 2:29:56 (XDC China Women Team) муносиб топилди.

Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги баҳслар ҳам бўлиб ўтмоқда.
А.Мусаев, ЎзА