Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 1107 нафар хорижий тил фанлари ўқитувчиларининг 75 фоизи халқаро ва миллий тил сертификати соҳиби бўлди.
Бу тўғрида Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.

Мавжуд 312 та умумтаълим мактабида фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг 1084 нафари инглиз тили ўқитувчиси бўлса, 13 нафари француз, 8 нафари немис, 2 нафари корейс тили ўқитувчиси.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025-2026 ўқув йилида мактаблардаги ўқитувчиларнинг камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланганди. Шунга асосан, сирдарёлик умумтаълим мактабларининг хорижий тил ўқитувчилари бунинг уддасидан чиқиб, халқаро ва миллий тил сертификатларига эга бўлишди.

– Бу эса умумтаълим мактабларида хорижий тилларнинг ўқитилиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиб, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ўқувчилар сонининг ортишига хизмат қилади, –деди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Одил Гаймназаров.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири