Ўзбекистон спортчилари учун халқаро мусобақаларнинг 2023 йилги “ғалабалар эшигини” оғир атлетика бўйича Дохада ўтган халқаро мусобақада 3 та олтин медалга мушарраф бўлган Достон Ёқубов очиб берди.
Бугун, 3 январь куни Қатар пойтахти Дохада Осиё оғир атлетика конфедерациясининг навбатдаги ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтади.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрулло Маҳмудов қатнашаётган ушбу анжуманда бошланиши олдидан ўтказилган “Қатар кубоги” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Достон Ёқубов 2023 йилнинг илк олтин медалларини қўлга киритди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу турнирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 150 нафарга яқин маҳоратли оғир атлетикачи 10 та вазнда ғолиблик учун кураш олиб борди.
Янги йилнинг илк кунларида ташкил этилган халқаро мусобақанинг 73 килограмм вазнида юртимиз шарафини Достон Ёқубов муносиб ҳимоя қилди.
Маҳоратли спортчимиз даст кўтаришда 137 кило, силтаб кўтаришда 175 ва иккикураш натижасига кўра 312 кг кўрсаткичга эришиб, ўзбекистонлик спортчилар учун янги йилнинг халқаро мусобақалар “эшиги”ни 3 та олтин медаль билан очди. Бу, жорий йилнинг хайрли бошланаётганидан далолатдек.
Достоннинг ишончли ғалабаси шарафига Қатар спорт майдонида Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.
Бевосита Осиё оғир атлетика конфедерациясининг навбатдаги йиғилиши хусусида тўхталадиган бўлсак, анжуман давомида кейинги тўрт йиллик муддатга қитъа оғир атлетикасининг раҳбар органи сайланади. Шунингдек, йиғилишда жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларидаги оғир атлетика мусобақаси жараёни, қитъа чемпионатлари, Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг турнирларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинади.
Т. Рўзиев, ЎзА