Миллий иқтисодиётимизнинг устувор тармоқларидан бири бўлган нефть-газ соҳасида сўнгги йилларда жиддий ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши ва инвестициявий фаоллик кузатилмоқда. Хусусан, энергетика салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда, стратегик режаларни амалга оширишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ етакчи роль ўйнамоқда.
Яқинда мазкур компания халқаро капитал бозорида яна бир йирик муваффақиятга эришиб, мамлакат молиявий нуфузини янада мустаҳкамлади. Бу борадаги муҳим янгилик ва тафсилотларни билиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов билан суҳбатлашдик.
– Яқинда “Ўзбекнефтгаз” АЖ халқаро молия бозорида янги муваффақиятга эришгани ҳақида маълум қилинди. Ўз навбатида, бу янгилик халқаро инвесторлар томонидан қандай баҳоланди?
– Дарвоқе, куни кеча “Ўзбекнефтгаз” АЖ халқаро молия бозорида муҳим натижа қайд этиб, беш йиллик муддатга мўлжалланган 144А/RegS форматидаги облигацияларни чиқарди. Бу орқали 850 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этилди. Бу нафақат компаниямизнинг, балки мамлакатимизнинг халқаро молиявий майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Облигациялар ягона транш шаклида чиқарилиб, Ўзбекистон тарихидаги энг йирик эмиссия сифатида қайд этилди.
Албатта, бу жаҳон молия бозоридан жуда катта қизиқиш қайд этилди. Буюк Британия, АҚШ, Европа, Швейцария, Осиё давлатларининг етакчи молиявий институтлари, яъни "Fund Managers", "Private Banks", "Pension & Insurance" тоифасидаги инвесторлар томонидан жами 1,9 миллиард долларлик буюртма келиб тушди. Бу компаниямизнинг бозордаги нуфузи ва кредит рейтингига бўлган юқори ишончни яна бир бор тасдиқлади. Бундай юксак талаб натижасида облигация нархини 37,5-50 базис пунктгача тушириш ва чиқариш ҳажмини аввалги режадан кўра ошириш имконияти яратилди.
Айтиш жоизки, мазкур битим Ўзбекистон тарихида ягона транш форматда амалга оширилган энг йирик облигация эмиссияси бўлди. Аввалги рекорд ҳам “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2021 йилда ўрнатилган эди. Компания облигациялари Лондон фонд биржасининг Халқаро қимматли қоғозлар бозорида (ISM) рўйхатдан ўтказилади. Бу муваффақият халқаро инвесторларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг бозордаги позицияси ва энергетика соҳасидаги етакчилигига бўлган юксак ишончини яна бир бор тасдиқлайди.
– Кейинги йилларда соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу муваффақият қайси йўналишлардаги ўзгаришлар билан боғлиқ, деб ўйлайсиз?
– Биринчидан, биз сўнгги йилларда компания фаолиятида туб янгиланишлар ва ислоҳотларни амалга оширдик. Молиявий шаффофлик, бошқарувда замонавий ёндашувлар, халқаро стандартларга мослашиш, хорижий шериклар билан очиқ мулоқот ва ишончли муносабатлар бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Иккинчидан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови ва энергетика соҳасини эркинлаштириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатининг самараси ҳам бу ютуқда муҳим омил бўлди.
Қолаверса, бу тизимдаги катта жамоанинг, мутахассислар ва кадрларнинг салоҳияти, ўз устида ишлаши ва касбига қўйган меҳри билан ҳам боғлиқдир.
– Албатта, халқаро капитал бозорида ютуққа эришиш осон эмас. Айтингчи, облигация чиқариш жараёнида қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинди?
– Тўғри айтдингиз, бу бизнинг халқаро капитал бозорида эришган катта ютуғимиз ва бундан биз фахрланамиз.
Биз бунда “J.P. Morgan”, “Deutsche Bank”, MUFG, “Abu Dhabi Commercial Bank” ва” Standard Chartered Bank Bookrunner” халқаро молия ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилдик. Шунингдек, юртимиздаги етакчи тижорат банки “Ўзсаноатқурилишбанк” Co-manager сифатида бу жараёнда қатнашди. Улар билан биргаликда лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу натижа биз учун нафақат молиявий ресурслар манбаидир, балки янги истиқболларнинг эшигини очади. Халқаро молия бозоридаги бундай эътироф компаниямизнинг инвестицион жозибадорлигини оширади, стратегик лойиҳаларни амалга оширишда кенг имкониятлар яратади. Шу билан бирга, ташкилотимизнингг ички бозордаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди.
Яна энг муҳими, бу муваффақият нафақат компаниямиз, балки мамлакатимиз энергетика салоҳиятига берилган ишонч ва эътирофдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди, ЎзА