Нукус шаҳридаги Президент мактаби – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилиб, ушбу янгилик Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш жараёнининг ёрқин ифодасига айланди.
Президент мактабида республиканинг барча шаҳар ва туманларидан 5-11-синф ўқувчилари таълим олмоқда ва улар беш маҳал овқат, дарсликлар ва кийим-кечак билан бепул таъминланган.
– Ўқиш STEM йўналишида Кембриж ва маҳаллий ўқув дастурлари асосида қорақалпоқ ва инглиз тилларида олиб борилади, – дейди Президент мактаби директорининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Зоя Бегмуратова. – Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича беш муҳим ташаббуси доирасида бир қатор тўгараклар фаолият олиб бормоқда. “Мактаб – ўқувчилар бошқарувида”, “Technovation Girls”, “Ekoschools Uzbekistan” лойиҳалари бўйича Замин фонди, БМТ, UNICEF, UNDP ташкилотлари, вазирлик ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда, иқлим ўзгариши, экология масалаларида “Ёш фермер”, “Young Climate Champions”, “Climat box” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, ТехноПарк, IT парк, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Темурбеклар мактаби, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, ишлаб чиқариш корхоналари, Ёшлар ишлари агентлиги, Экология вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, “Янги Ўзбекистон” университети, Қорақалпоғистон Республикасидаги Олий ўқув юртлари билан ҳам ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Мактаб ҳаёти, ўқувчиларнинг ижоди билан таништириб борувчи “Uchqun” ва “Every Green” мактаб журналлари ўқувчилар томонидан мунтазам равишда нашр этилмоқда. 2020 йил 30 декабрда Президент мактаблари Cambridge Assessment International Education аккредитациясидан муваффақиятли ўтиб, Нукус шаҳридаги Президент мактаби Кембриж мактаби мақомига эга бўлди. Бу ўқувчиларга A-Level ва AS-Level имтиҳонларини мактабнинг ўзида топшириб, STEM фанлари бўйича халқаро сертификатларга эга бўлиш ва дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларининг грантини ютиб олиш имкониятини яратди.
2021 йилда мактаб ўқувчиси Зулфия Қитайбекова IELTS имтиҳонидан 8,5 балл тўплаб, Қорақалпоғистонда янги рекорд натижани қўлга киритди. Бу натижани 2024 йилда Айнахон Хўжамуратова ҳам қўлга киритди. Бундай рекорд натижа SAT халқаро имтиҳонларида ҳам янгиланмоқда. 2024-2025-ўқув йилида 10-синф ўқувчиси Саъдулла Ризаев ҳамда 11-синф ўқувчиси Манзилбек Қарлибаев максимал 1600 баллдан 1 минг 590 балл тўплаб, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича етакчига айланди.
Маҳаллий ва хорижий устозларнинг ўқитиш жараёнида янги инновацион ва илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиши туфайли ўқувчилар йил сайин турли маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаб, мактаб ва мамлакатимиз нуфузини юқори кўтариб келмоқда. Бунда фан олимпиадаларининг асосий ғолиблари информатика фанидан эканлиги, мактабда ушбу фанга ўқувчиларнинг алоҳида қизиқиши ва сифатли таълимдан далолат беради.
Президент мактаби ўқувчилари нафақат республика миқёсида, балки жаҳон ареналарида ҳам ўз билим ва маҳоратларини намойиш этмоқда. Жумладан, 2022-2023 ўқув йили битирувчиси Зулфия Қитайбекова 2022 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси ва Италиянинг “Global Action” ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган “Diplomacy Education” дастурида ғолиб бўлиб, Италия ва Европа сафарини қўлга киритган бўлса, 9-синф ўқувчиси Саъдулла Ризаев 2023 йил 15-18 август кунлари Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган “VIII Хиросима ёшлар халқаро форуми”да Ўзбекистон Республикаси номидан муваффақиятли иштирок этиб, Хиросима префектураси томонидан тинчлик элчиси этиб тайинланди.
Президент мактаби ўқувчилари ўз билими ва иқтидори билан юртимизнинг умидли ёшлари қаторида бир қатор давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан ҳам тақдирланиб келмоқда. Хусусан, Арслонбек Қалбоев “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан, Асадбек Реймбергенов, Умидахон Ҳабибуллаева, Саъдулла Ризаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ “Умид учқуни” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Ўқувчиларнинг бундай ютуқларга эришишига уларнинг катта ҳаётга тайёрланиб бориши, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши ва лидерлик қобилиятларини ривожлантириш учун кенг имкониятларнинг яратилиши асос бўла олади. Президент мактабларида ўқувчилар уюшмаси тузилган бўлиб, ҳар йили демократик усулда рақобатчи номзодлар ўртасида ўқувчилар уюшмаси президенти ва унинг таркибини сайлаш мавсуми қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтказилади. Бугунгача Нурсултон Дуйсенбаев, Арслон Қалбаев, Артур Шамшетдинов, Айдос Китайбеков, Қундузай Қалниязова ва Алпомиш Махмутов ўқувчилар уюшмаси Президенти этиб сайланди. Шу кунгача мактабни 86 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, шундан 26 нафар битирувчи хориждаги нуфузли олийгоҳларда таҳсил олмоқда.
Ўқувчиларни турли касбларга йўналтириш ва дунёқарашини янада ривожлантириш мақсадида таълим даргоҳига дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларини битирган ва энг йирик компанияларида ишлаётган юртдошларимиз билан учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари ҳамда мамлакатимиздаги хорижий элчилар, академиклар, сенаторлар, таниқли шоир-ёзувчилар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият соҳаси ходимлари ҳам меҳмон бўлиб, ўқувчилар билан яқиндан суҳбатлашиб келмоқда. Бундай учрашувлар ёшларнинг ватанпарварлик, билим олишга иштиёқ туйғуларини мустаҳкамлаб, келажакда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб етишишига ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Нукус шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларининг йиллар давомида эришаётган ютуқлари ортида, албатта, кучли педагогик жамоанинг ғайрат-шижоати, меҳнати борлигини таъкидлаш жоиз. Педагогларнинг аксарияти мамлакат раҳбарлари томонидан муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Жумладан, Рамийза Жуманова “Дўстлик” ордени билан, Нурсулув Болтабоева, Венера Бекмуратова, Ўнгарбой Қурбонов “Шуҳрат” медали билан, Светлана Железнова “Ватан фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, Муҳаббат Чилимбетова “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвонига сазовор бўлди.
Ҳозирги кунда мактабда 31 нафар маҳаллий ва 8 нафар хорижий ўқитувчи бўлиб, шундан 14 нафари олий, 7 нафари биринчи, 4 нафари II тоифали ва 6 нафари мутахассис бўлиб, 12 нафари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони эгалари ҳисобланади. Устозлар орасида ўз тажрибаларини хорижда ошириб келганлар кўпчиликни ташкил этади.
Ўқувчиларни миллий ва жаҳон маданияти, диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш учун мактабда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Умуминсоний, миллий қадриятларни сингдириш мақсадида миллий ва халқаро байрамларни, машҳур шахсларнинг таваллуд саналарини мунтазам равишда нишонлаб бориш бунинг ёрқин далилидир.
[gallery-21890]
Бугунги кунда Президент мактаби таянч мактаб сифатида янги очилган Кембриж синфлари, республикадаги 18 ихтисослаштирилган мактаб ва 102 умумтаълим мактабида мезонларга асосланган янги баҳолаш тизими ва ўқитиш методикасини жорий этиш бўйича педагогларни ўқитиш, методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан ҳам шуғулланиб келмоқда.
2024 йилда Нукус шаҳридаги Президент мактаби “Eco school Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Экологик таълим фонди (FEE) 7 қадам дастурининг олий мукофоти – Яшил байроқни қўлга киритди ва “Халқаро эко-мактаб” унвонини олишга муваффақ бўлди. Тақдирлаш маросимида “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси, Европа Иттифоқи, БМТ ва унинг таркибий тузилмаларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарлари иштирок этди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Yu80OJ0ghug" title="Xalqaro maktablar kengashi a’zosi bo‘lgan Yashil bayroqli Prezident maktabi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Таъкидлаш жоизки, халқаро мактаблар кенгаши аъзоси бўлиш таълим муассасасининг халқаро даражада тан олинганлигини билдирибгина қолмай, ушбу мактабларда ўқийдиган ўқувчиларнинг чет элдаги ТОП университетларида тўлиқ грант ютиш имкониятини ҳам оширади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА