Халқаро конференция: Ўзбекистон - диний бағрикенглик намунаси
“Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг конференц-залида “Динлараро бағрикенглик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуман динлараро мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистон ва жаҳон тажрибасини ўрганиш, конфессиялараро ҳамда маданиятлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, таълим ва маърифатнинг жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашдаги ўрнини муҳокама қилишга қаратилди.
Конференцияда мамлакатимизнинг етакчи олим ва мутахассислари билан бир қаторда, АҚШ, Швеция, Саудия Арабистони, Россия, Қозоғистон, Германия, Қирғизистон, Ҳиндистон каби давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари, хорижий мутахассислар, исломшунослар, диний конфессиялар ва миллий маданий марказлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
— Тадбирга ташриф буюрган барча меҳмонларимиз, энг аввало, Ўзбекистонимиздаги тинчлик, осойишталик, халқларимиз ўртасидаги дўстликни кўриб, ҳавас қилишяпти, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси (муфтий) ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов. — 130 дан зиёд миллат ва элатлар истиқомат қилаётган мамлакатда, бир оиланинг фарзандлари каби ҳаёт кечиряпмиз. Ўзбекистондаги шундай бағрикенглик, миллатлараро, динлараро тотувлик, аҳилликни барчамиз бирдек асрашимиз керак.
Конференция ўз ишини учта шўъба доирасида давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Биринчи шўъба доирасида Динлараро мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда Янги Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси муҳокама қилинди. Маърузалар давомида миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон тажрибаси, турли дин вакилларининг тинчлик ва ҳамкорликка қўшаётган ҳиссаси каби масалалар кўриб чиқилди.
—Шахсан мен учун бағрикенглик жуда кенг тушунча. Ҳар бир инсон, энг аввало оиласи, маҳалласи, Ватанида, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида ўзини эркин ҳис қилса, ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилса, истаган тилида гапирса, унинг маънавияти, маданияти ҳимояланса бу — бағрикенглик, — дейди Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси бўлим бошлиғи Саодат Давлатова.
Анжуман сўнгида иштирокчилар динлараро бағрикенглик ва тотувликни таъминлаш борасида тажриба алмашиб, бу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
[gallery-32568]
Нигора Раҳмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА