“Халқаро иқтисодий ҳамкорлик II форуми”га старт берилди
Тошкент Ботаника боғида Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмасининг бир йиллиги муносабати билан йирик халқаро тадбир — “Халқаро иқтисодий ҳамкорлик II форуми” бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида 200 дан зиёд хорижлик меҳмонлар, турли давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, инвесторлар, тадбиркорлар ҳамда экспертлар иштирок этди.
Форум доирасида иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция, инновация, стартап ва ёшлар ташаббусларига бағишланган қатор учрашувлар, тақдимотлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Форумнинг энг диққатга сазовор лойиҳаларидан бири “Ғоя учун 100 миллион” танловидир. Ушбу танлов ёшлар, тадбиркорлар ва инновацион ғоя эгалари учун катта имконият сифатида баҳоланмоқда.

Танлов иштирокчилари ўз стартап ва бизнес ғояларини тақдим этиш имкониятига эга бўлади. Энг яхши ташаббуслар эса 100 миллион сўмлик мукофот жамғармаси учун кураш олиб боради.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, форум мамлакатда инновация ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш, халқаро иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Халқаро иқтисодий ҳамкорлик II форуми” 15 майга қадар давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА