Халқаро илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари Хитойда учрашди
Хитойнинг Урумчи шаҳрида Биринчи халқаро илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти делегация аъзолари иштирок этди.
Халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва илм-фан соҳасида янги босқичга ўтиш мақсадида ташкил этилган тадбирнинг асосий йўналишлари қаторига турли мамлакатлар илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда тажриба алмашувини кенгайтириш киритилди.

Шунингдек, сунъий интеллект, экология, энергетика ва қишлоқ хўжалиги каби стратегик йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий инфратузилмадан биргаликда фойдаланиш ҳамда илм-фан орқали глобал ва минтақавий барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Тадбирда Ўзбекистон тупроқшунос олимларининг иштироки алоҳида эътиборга сазовор бўлиб, бу келгусида янги халқаро илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда жорий этишда муҳим рол ўйнаши таъкидланди.
Шунингдек, Хитой қишлоқ хўжалиги университетлари вакиллари билан самимий музокаралар ўтказилиб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид келишувларга эришилди.
Қайд этилганидек, мазкур учрашув келгусида халқаро илмий алоқаларни янада кучайтириш, инновацион ғояларни биргаликда ривожлантириш ҳамда илмий салоҳиятни самарали уйғунлаштириш йўлида муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА