Халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ҳиндистоннинг Тирупати шаҳридаги Annamacharya Institute of Technology and Sciences университети физика ва астрономия фанлари профессори Киракала Киран Кумар Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида бўлиб, олий таълим муассасасида яратилган замонавий шароитлар билан танишди. Аниқ ва табиий фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари билан “Ҳозирги замон физикасининг долзарб масалалари” мавзуида очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда кафедра мудири, доцент Ш.Абилфайзиев хорижлик профессорга университетнинг илмий салоҳияти, кафедра профессор-ўқитувчиларининг илмий изланишлари ва режалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Сурхондарё вилоятидаги муҳандислик ва агротехнологиялар университети хориждаги олий таълим муассасалари билан алоқа ўрнатиб, халқаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамламоқда. Ҳозир дунёнинг 30 га яқин давлати билан алоқа ўрнатган. 30 дан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчи ўқув жараёнларига жалб этилган. Академик мобиллик дастурлари кенгайтириляпти. Профессор-ўқитувчилар чет элларда стажировка ўтамоқда. “Академик ҳаракатчанлик” дастури бўйича университет мамлакатимизда иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Мулоқот чоғида ҳиндистонлик профессор замонавий физиканинг долзарб йўналишлари хусусида сўз юритди. Унинг таъкидлашича, олам тузилишини англашга хизмат қилувчи фундаментал ва амалий тадқиқотлар физика фанининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, мазкур йўналиш коинотдаги сирли ҳодисаларни ўрганиш, микродунё қонуниятларини кашф этиш ҳамда янги квант технологияларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Суҳбат давомида астрофизик кузатувлар, квант компьютерлари ва квант телепортацияси каби илғор илмий йўналишлар хусусида ҳам фикр алмашилди.
Профессор профессор-ўқитувчилар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, шунингдек, Scopus ва Web of Science халқаро илмий базаларида индексланувчи журналларда ҳамкорликда мақолалар чоп этиш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.

Шу куни ҳиндистонлик профессор йўл муҳандислиги йўналиши талабаларига мастер класс дарслари ўтди. Унда асосий эътибор назарияга эмас, балки аниқ ҳаёт ва касбда қўлланиладиган амалий ишларни бажаришга қаратилди. Тингловчилар билан фаол мулоқот қилиб, фикр алмашди. Саволларига жавоб берди.

Ҳиндистоннинг Annamacharya Institute of Technology and Sciences университети Андҳра-Прадеш штатида қарийб 20 йилдан буён фаолият юритаётган етакчи муҳандислик олий таълим муассасаси саналади. Таълим даргоҳи компьютер муҳандислиги (CSE), сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва машина ўрганиш (AI/ML), электроника ва алоқа (ECE), электр (EEE), механика, қурилиш сингари йўналишларда бакалавриат ва магистр кадрлар тайёрлайди.
Профессор Киракала Киран Кумарнинг Сурхондарёдаги муҳандислик ва агротехнологиялар университети билан танишуви, учрашув ва талабалар учун ташкил этган интерфаол сабоқлари олий таълим муассасамизни хорижнинг илғор тажрибалари асосида ғоялар бўй кўрсатадиган замонавий лаборатория, янги стартаплар ишлаб чиқиладиган, муҳандислик ечимлари яратиладиган ноёб даргоҳ ва агротехнологик инновациялар синовдан ўтадиган очиқ майдонга айлантиришга руҳлантиргани билан аҳамиятли бўлди.
Абураҳмат Эшқораев,
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети катта ўқитувчиси.
ЎзА