Халқаро форумда 6 миллиард 253 миллион доллардан ортиқ 63 та инвестиция келишуви тузилди (+видео)
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида илк бор “Ўзбекистон (Сурхондарё)-Хитой” халқаро форуми бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг юксак ишонч ва сиёсий иродаси билан мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда ривожланмоқда. “Ўзбекистон (Сурхондарё)-Хитой” халқаро форуми ҳам жанубий вилоятнинг Хитой ҳудудлари ва ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри алоқаларини янада кенгайтиришда муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтади.
Қадимий воҳанинг тарихий обидалари ва археологик ёдгорликлари билан танишувдан бошланган анжуман “Made in Uzbekistan” кўргазмаси ва халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимига боғланиб кетди.
Анжуманда Хитойнинг 120 дан ортиқ компаниясидан 350 дан зиёд, 46 та афғон компаниясининг юздан ортиқ вакили иштирок этди..
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” кўргазмасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, кимё, енгил саноат, қурилиш материаллари, тоғ-кон ва геология, заргарлик ҳамда бошқа йўналишларда фаолият юритаётган маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестиция салоҳияти намойиш этилди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг кейинги йилларда олиб бораётган очиқ, прагматик сиёсати давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва дўстлик алоқаларини, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон ўтмишдаги довруғини қайта тиклаб, Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштиришда муҳим коридор вазифасини бажариш йўлида дадил одим ташлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Туризм қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси мутасаддилари инвестиция имкониятлари ва ҳамкорлик таклифларини тақдим этди. Шунингдек, Хитойнинг “Jiangsu World Agricultural” ва “Anhui Wende Holding Group” компаниялари раҳбарлари ўз тақдимотлари билан иштирок этди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой ва Афғонистон ҳукумати аъзолари билан уч томонлама расмий учрашув ўтказди. Хитой ва Афғонистон ишбилармон доиралари, вилоятнинг шаҳар ва туман ҳокимлари, маҳаллий тадбиркорлар B2B ва G2B форматларидаги учрашувларда қатнашди. Музокараларда хорижий инвесторларга ҳудудлардаги тайёр инвестиция лойиҳалари ва мавжуд имкониятлар тақдим этилиб, аниқ лойиҳалар бўйича ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.
– Биз нефть ва газ хомашёсини қазиб олиб, конларни ўзлаштирамиз, дейди хитойлик ишбилармон Cун Хай Мё. – Айни пайтда бизнинг Жарқўрғон туманидаги “Petromaruz” компанияси билан ҳамкорлигимиз бор. Тумандаги газ конларини ўзлаштираяпмиз. Компаниямиз барча турдаги тоғ-кон саноати лойиҳаларини амалга ошириш имкониятига эга. Бугун Жарқўрғон тумани ҳокими билан меморандум имзолаб, бу борадаги ишларни давом эттирамиз. Бизга яқиндан кўмаклашаётган вилоят ҳокими ва бошқа масъуллардан жуда миннатдормиз.
Учрашувлар ва музокаралар якунида қурилиш материаллари, текстиль ва тўқимачилик, нефть-газ, кимё, электротехника, машинасозлик, тоғ-кон саноати, туризм, таълим, қурилиш, савдо, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлаш, доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик ва балиқчилик йўналишларида қиймати 6 миллиард 253 миллион доллардан ортиқ 63 та инвестиция келишувига эришилди.
– Бугун “Ўзбекистон (Сурхондарё)Хитой” халқаро форуми бежизга Сурхондарё вилоятида ва “Термиз халқаро савдо маркази”да ўтказилмаяпти. Бу Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги биринчи фризона ҳисобланади,–дейди “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси директори Мирҳамид Мирпўлатов. –Хитойлик инвесторлар бу ерга катта қизиқиш билдирди. Марказдан Хитой тадбиркорлари бир нечта дўкон олиб, савдо уйларини очишди. Энди йирик тадбиркорлар келиб, қизиқишмоқда. Бугун биз Қашқардаги фризона билан меморандум имзоладик. Икки фризона ўртасида савдо-сотиқ келишувларига эришдик. Насиб бўлса, бу фризона Ўзбекистондаги энг ривожланган, ҳам арзон марказлардан бири сифатида халқаро бозорда танилади. Хитойлик тадбиркорларга бизга берилган барча имтиёзларни, шарт-шароитларни айтганимизда жуда ҳам қизиқиши ортди. Бундан ташқари, бизда афғон тадбиркорлари фаолият юритади. Бугун яна ҳам таниқли тадбиркорлари келиб, Хитой билан учрашув ўтказиб, меморандум тузиб, марказимиз орқали Афғонистонга Хитой товарларини реэкспорт қилиш масалаларини келишиб олди.
Меҳмонлар учун қизиқарли маданий тадбирлар ташкил этилди. Инвесторлар вилоят туманларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш қувватлари, мавжуд инфратузилма ва инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
0