
ЮНЕСКО шафелигида 25-30-август кунлари қадимий ва бетакрор Самарқандда “Шарқ тароналари” ХIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади.
Бугунги кунда ушбу фестивалга тайёргарлик қизғин кечмоқда. Айни кунларда ташкилий ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Маданият вазирининг ўринбосари Муроджон Мажидов бошчилигида фестивалда таклиф этилган хорижий ва маҳаллий меҳмонларни кутиб олиш ва бошқа ташкилий масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда вазирлик масъуллари, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори в.б. Элдор Шерманов ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Aвазбек Шомуродов иштирокида тегишли масалалар муҳокама этилди.
Фестиваль доирасида ташриф буюраётган хорижий меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида волонтёрлар гуруҳи шакллантирилиб, улар билан ҳам учрашув ўтказилди.

Волонтёрларга Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Aвазбек Шомуродов, институт ректори в.б. Элдор Шерманов фестивалдан кўзланган мақсад, миллий қадрият ва анъаналаримизни жаҳон миқёсида тарғиб этишнинг аҳамияти каби долзарб масалалар юзасидан маълумот берди.

Миллий ғурур, миллий ғоя, миллий фахр туйғусини ҳис этган ҳолда кўҳна тарихимиз, Янги Ўзбекистонда яратилган кенг имкониятлар, Ватанимиз келажагига ишонч каби туйғулар ҳар бир волонтёр қалбида жўш уриши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, 27-28 август кунлари “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган манзил мутасаддилар томонидан кўздан кечирилди.
Н.Усмонова, ЎзА