Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда 2023-2024 ўқув йили давомида халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мамлакатимизда иқтидорли ёшлар сафини тобора кенгайтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида мамлакатимиз ўқитувчилари билан учрашув чоғида бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш борасида амалий таклиф ва вазифалар белгилаб берилган эди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2023-2024 ўқув йилида мактаб ўқувчилари томонидан халқаро фан олимпиадаларида жами 122 медаль қўлга киритилган бўлиб, бу натижа ҳозирга қадар энг юқори кўрсаткич саналади.
Булар орасида Саудия Арабистони, Буюк Британия, Эрон, Миср, Таиланд, Қозоғистон, Россия, Болгария, Бразилия, Туркия, Германия каби давлатлардаги нуфузли олимпиадаларда медалларга сазовор бўлган ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади.
Эндиликда фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар билан бирга уларнинг устозлари ҳам моддий рағбатлантирилаётгани эътиборга моликдир.
Далер Раҳимов Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синфида таҳсил олади. У Хитой, Таиланд, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларда ўтказилган олимпиадаларда бир неча марта кимё ва табиий фанлар бўйича ғолибликни қўлга киритган.
– Олимпиада жараёнлари жуда қизғин кечди, – деди Далер Раҳимов. – Баъзан тушкунликка тушсак, баъзан қувончли онлар бўлди. Ота-онам натижаларни эшитиб, йиғлаб юборишган пайтлар ҳам бўлди. Агар тинимсиз интилса, мақсад сари дадил борса, албатта натижа бўлар экан.
– Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг ютуқларини кўришни истайди, - деди Далернинг онаси Зулфизар Азимова. – Далернинг бўш вақти йўқ ҳисоби. У ўзига нисбатан ниҳоятда талабчан, изланишдан, ўқишдан тинмайди. Албатта фарзандларимизни бундай ютуқлар сари руҳлантираётган, уларни рағбатлантираётган давлатимизга, меҳрибон устозларга ташаккурлар айтамиз.
Тантанали тадбирда минтақавий, нуфузли халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг устозлари пул мукофотлари билан тақдирланди.
Санъат усталари, бадиий жамоалар, ёш ижрочилар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири