Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чораларни амалга ошириш адлия органларининг асосий функционал вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Шунга кўра, Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят бўйича халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларига Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига асосан меҳнат таътил пули тўланганлик ҳолати таҳлил қилинди.
Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўтказилган таҳлил жараёнида вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан 2022 йилнинг июнь ойи учун вилоятнинг туман (шаҳар) ларидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчиларига жами 80 миллиард 148 миллион 264,5 минг сўм миқдорида меҳнат таътили пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Адлия аралашуви билан, киритилган тақдимнома ижросига асосан халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари 17 минг 240 нафар ўқитувчиларига жами 80 миллиард 148 миллион 264,5 минг сўм миқдоридаги меҳнат таътили пуллари тўлаб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА