Халқ дарди эшитилган жойда ечим бошланади
Фуқароларни тинглаш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, мурожаатларга амалий ечим топиш давлат бошқарувида инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг вилоят Халқ қабулхонаси биносида ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган қабули ҳам фуқаролар мурожаатларини бевосита эшитиш ва уларнинг ечимини таъминлашга қаратилди. Унда вилоятнинг тегишли соҳа раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, банк ҳамда молия муассасалари масъуллари иштирок этиб, фуқароларни бевосита ҳамда видео-конференс-алоқа орқали қабул қилди.

Қарийб 7 соат давом этган очиқ мулоқотда 300 нафардан ортиқ фуқаронинг уй-жой, ер муносабатлари, бандлик, тадбиркорлик, электр таъминоти, йўл инфратузилмаси, ижтимоий ҳимоя ва бошқа масалаларга оид мурожаатлари кўриб чиқилди.
Эътиборли жиҳати, қабул жараёнида 100 га яқин мурожаат тегишли соҳа масъуллари иштирокида жойида ҳал этилди. Бу фуқаролар мурожаатларини фақат қабул қилиб олиш эмас, балки имкони борича уларнинг амалий ечимини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётганини кўрсатади.

Қўшимча ўрганишни талаб қиладиган масалалар юзасидан ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, уларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва амалий ечим ишлаб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, берилган топшириқлар ижросини назорат қилиш, мурожаатларни шунчаки кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир масала бўйича якуний натижага эришиш зарурлиги таъкидланди. Зеро, фуқаронинг мурожаати эшитилиши, муаммоси масъуллар томонидан ўрганилиши ва уни ҳал этиш бўйича аниқ чора кўрилиши давлат идоралари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотнинг амалий ифодасидир.

Қабул якунида масъулларга фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалаларни манзилли ва натижадор ҳал этиш, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
А.Мусаев, ЎзА