“Халқ билан бирга” умуммиллий дастури – ёшлар кўмакчиси
Андижон давлат педагогика институтида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, партия фаоллари, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов, Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати Хуршидахон Халилова ва бошқалар бугунги кунда юртимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.
Ушбу дастур жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ечим топишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-28687]
Тадбирда “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури слайд ва видеороликлар орқали ёритилиб, унинг асосий мақсади – халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, одамлар дардига қулоқ тутиш, уларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашини таъминлаш эканлиги алоҳида айтиб ўтилди. Жумладан, дастур доирасида амалга оширилаётган, айниқса, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилгани ишлар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди.
Шунингдек, тадбирда O’zLiDeP Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси департаменти раҳбари Сардор Марипов дастурнинг мазмун-моҳияти, дастур ижроси доирасида партия томонидан амалга оширилаётган “Юракка йўл” акцияси, “Ишбилармон аёл”, “Хавфсиз миграция”, “Фаровон ҳаёт сари” каби қатор лойиҳалар халқимиз ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилаётганлигини айтиб ўтди.
“Халқ билан бирга” дастури ёшлар учун нафақат ижтимоий-сиёсий ташаббус, балки ўз имкониятларини намоён қилиш, жамият ҳаётида фаол қатнашиш ва ўз келажагини барпо этиш учун муҳим имконият эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол талаба ёшлар, устоз ва мураббийлар партия аъзолигига қабул қилиниб, “Халқ билан бирга” ғояларини амалга оширишда фаол иштирок этиш юзасидан ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.