Андижон шаҳридаги халқаро бизнес марказида “Молиявий муассаса фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда жамоатчилик билан алоқалар технологиялари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
АТ Халқ банки вилоят, туман, шаҳар бўлимлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари, матбуот хизматлари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этган семинарда муассаса фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашда нималарга эътибор қаратиш керак? Бу борада самарали иш юритиш ва муассаса нуфузини ошириш учун қандай йўл тутиш лозимлиги хусусида атрофлича сўз юритилди.
Медиатренерлар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети доценти Беруний Алимов, ЎзЖОКУ доценти, филология фанлари номзоди Гулнора Нишонова, Fledu.uz илмий электрон журнали бош муҳаррири Гулмира Шукурова томонидан ўтказилган машғулотлар, маърузалар иштирокчиларнинг ана шу йўналишдаги билим ва малакаларини янада бойитди. Айниқса, Fake or True интерфаол ўйини жуда қизиқарли тарзда ўтди.
Сессия ва гуруҳлар доирасида ўтказилган “Медиа билан мулоқот нима учун керак?”, “Инқирозга қарши PR: техника, воситалар, самарадорлик”, “Кризисдан қандай чиқилади?”, “Провакацион саволлар ва ҳолатларга қандай жавоб бериш керак?” масалаларидаги маъруза, савол-жавоб, амалий машғулот ва тақдимотлар орқали ҳам назарий, ҳам амалиёт ва тажрибалардан келиб чиқиб иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди.
Банк фаолияти билан боғлиқ кейслар таҳлили, шахсий имижни яратиш. ташкилот раҳбарининг имижи ва корпоратив имижнинг асосий компонентлари бўйича ўтказилган машғулотларда банк ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари қандай жиҳатларга эътибор қаратиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
– Оммавий ахборот воситалари вакиллари қизиқарли ва ўзига хос тарзда ўтказилган машғулотлар орқали мавзу доирасида кўп нарсаларни ўрганди, замонавий, илғор ва самарали иш услублари ва тажрибалар билан танишди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Махпурахон Артиқова. – Бу албатта келгуси фаолиятимизни янада самарали иш олиб боришда яқиндан ёрдам беради.
Якунда мавзу доирасидаги барча йўналишлар бўйича хулосалар тайёрланди, банк ва ОАВлари вакиллари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ишларни самарали ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА