Ҳалол бизнес – барқарор иқтисодий ривожланиш ва адолатли рақобат асоси
Пойтахтимизда V халқаро “Бизнесда ҳалоллик” форуми ўз ишини бошлади. 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилаётган мазкур мулоқотда 200 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий иштирокчи – давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва бизнес ҳамжамияти вакиллари қатнашмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов мазкур форумнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Беш йил давомида ушбу форум давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва бизнес вакиллари ўртасида очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни муҳокама этиш ва уларга биргаликда ечим топишга қаратилган муҳим майдонга айланди.
Ҳар бир тадбиркор ўз бизнесини эркин ва қонуний юритишни, инвестиция киритишни, янги иш ўринлари яратиш ва фаолиятини кенгайтиришни истайди. Бунинг учун эса, энг аввало, тенг ва адолатли рақобат шароити бўлиши керак.
Тендерларда ҳам, давлат органлари билан муносабатларда ҳам натижа таниш-билишчиликка эмас, балки маҳсулот ва хизмат сифати, нарх ҳамда таклифнинг рақобатбардошлигига боғлиқ бўлиши лозим.
Коррупция эса ҳалол ишлаётган тадбиркорнинг имкониятларини чеклайди, бизнес харажатларини оширади ва, энг ёмони, носоғлом рақобатни келтириб чиқаради.
Бугун халқаро бозорларга чиқишни истаган компаниялар учун ҳам ҳалоллик ва шаффофлик муҳим талабга айланмоқда. Шунинг учун ҳалол ишлашни бизнес учун қўшимча мажбурият эмас, балки ривожланиш ва янги ҳамкорларга эга бўлиш имконияти сифатида кўришимиз керак.
Бу борада Ўзбекистонда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Тўрт йил аввал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда Ўзбекистон бизнесининг Коррупцияга қарши курашиш хартиясини ишлаб чиққан эди. Бугунги кунда унга мингдан ортиқ бизнес вакиллари қўшилган.
Бироқ тажриба шуни кўрсатдики, Хартияга қўшилишга фақат чақириқ ва тавсиялар орқали эришиш етарли эмас. Ҳалол ишлайдиган компаниялар амалий рағбат ва қўллаб-қувватлашга ҳам эга бўлиши муҳим.
Шу мақсадда жорий йил февраль ойида Президент фармони билан «Коррупциясиз, ҳалол ва ошкора бизнес» – «Тоза бизнес» миллий дастурини амалга ошириш белгиланди.

Дастур доирасида бир қатор муҳим механизмларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Хусусан, Хартиянинг электрон платформаси орқали иштирокчи компанияларни рағбатлантириш ва улар учун имтиёзлар тизимини жорий этиш, коррупцияга қарши ички тизимларни самарали йўлга қўйган компаниялар учун махсус мувофиқлик белгисини бериш кўзда тутилган.
«Коррупцияга қарши курашиш соҳасида йилнинг энг яхши компанияси» мукофотини таъсис этиш ҳам режалаштирилган. Бизнинг мақсадимиз – ҳалол ишлаётган компанияларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш ва бундай компаниялар сонини оширишдан иборат.
Ҳалоллик талаблари нафақат бизнес, балки давлат органларига ҳам тааллуқли. Албатта, давлатнинг ўзи ҳам намуна кўрсатиши шарт. Давлат бизнесдан ҳалолликни талаб қилар экан, ўзи ҳам адолатли рақобат учун зарур шароитларни яратиши керак. Шу боис давлат органлари ва ташкилотларда коррупцияга қарши менежментни сертификатлаштириш тизими жорий этилмоқда.
Давлат харидларида сунъий интеллект асосида аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашувини автоматик аниқлаш механизмлари йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш бўйича ҳимоя ордери механизми ҳам жорий этилмоқда.
Бошқача айтганда, давлат ва бизнес ўртасида ҳалоллик, шаффофлик ва ўзаро масъулият тамойилларига асосланган муносабатларни шакллантиришимиз зарур.
Форум доирасида, аввало, тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни очиқ муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жумладан, давлат харидлари, рухсат бериш ва назорат жараёнларидаги коррупциявий хавфлар, бизнесда комплаенс тизимларини жорий этишдаги тўсиқлар ҳамда ҳалол компанияларни рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилиш зарур.
Айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун коррупцияга қарши механизмларни ортиқча харажат ва бюрократиясиз жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш муҳим. Умуман, бугун биз бизнес вакилларининг таклиф ва танқидий мулоҳазаларини эшитишдан мамнун бўламиз. Чунки тизимдаги муаммолар ва ортиқча тўсиқларни тадбиркорларнинг ўзидан яхшироқ ҳеч ким билмайди.
Билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятида бюрократия ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ечимларни шакллантириш, маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишни мақсад қилганмиз.
Халқаро ҳамкорлик бу борада жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки бизнесда ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш фақат бир давлат доирасида ҳал этиладиган масала эмас. Бу йўналишда халқаро тажриба, экспертлик кўмаги ва илғор амалиётларни ўрганиш муҳим.
Шу муносабат билан Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Германия ҳукумати ва барча халқаро ҳамкорларимизга экспертлик кўмаги ва изчил ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз.
Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш Хартиясига янги компанияларнинг қўшилиш маросими ҳам бўлиб ўтади. Ҳали Хартияга қўшилмаган компанияларни ушбу ташаббусга қўшилишга чақираман. Чунки ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларига содиқлик нафақат компаниянинг обрўси, балки унинг узоқ муддатли ривожланиши ва ишончли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳимдир.
Асосий мақсадимиз — тадбиркор ўз бизнесини коррупцияга дуч келмасдан, тенг рақобат шароитида, ўз меҳнати ва салоҳиятига таяниб ривожлантира оладиган муҳитни яратиш. Ишонаманки, бугунги форум айнан ушбу мақсад йўлида янги амалий таклифлар ва самарали ҳамкорликка хизмат қилади.
Норгул Абдураимова ёзиб олди.
ЎзА