АҚШда “Янги авлод” саноат зонаси бўйича муҳим келишув имзоланди
Тошкентнинг "Янги авлод" махсус саноат зонасида юқори технологияли йирик инвестиция лойиҳаси бўйича муҳим ҳужжатлар имзоланди. Бу келишув минтақага янги технологиялар, сармоя ва юзлаб иш ўринларини олиб келишга йўл очади.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг АҚШга хизмат сафари доирасида "RS Capital Engineering" компаниясининг Россия ва Марказий Осиё бўйича директори Фредерик Фалкенберг билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда пойтахтимизда янги ташкил этилган "Янги авлод" махсус саноат зонаси ҳудудида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг кейинги босқичини мустаҳкамловчи расмий ҳужжатлар имзоланди.
Ушбу келишув нафақат ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, балки маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Масъулларнинг қайд этишича, янги ташкил этилган "Янги авлод" махсус саноат зонасида юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг кейинги босқичини мустаҳкамловчи ҳужжатлар расман имзоланди. Лойиҳа устидаги ишлар июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форумида бошланган эди.
Қисқа вақт ичида уни амалга ошириш учун 10 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилиб, Тошкентга ускуналар олиб келинди. Ҳозирда лойиҳа фаол босқичда. Биринчи босқич — INNOVATION TECHNOLOGIES заводининг қиймати 42 миллион долларни ташкил этиб, шундан 29,4 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар. Лойиҳаларни янада кенгайтириш салоҳияти 200 миллион доллардан зиёдга баҳоланмоқда. 29,2 гектар майдонда трансформаторлар, генераторлар, электр двигателлари, насослар, подстанциялар ва тақсимлаш қурилмалари каби 180 хилдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Бошланғич босқичда маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизни ташкил этади. 650 та иш ўрни яратиш ва мутахассисларни Америка стандартлари асосида ўқитиш кўзда тутилган. Йиллик солиқ тушумлари ҳисоб-китобларга кўра тахминан 165 миллиард сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш жараёни лазерли кесиш, роботлаштирилган пайвандлаш, рақамли дастурий бошқарувли (РДБ) дастгоҳлар ҳамда синов лабораториясини ўз ичига олади.
Йирик болғаланган металл буюмлар ва мураккаб металл конструкциялар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган. Ускуналар минтақавий бозорлар талаблари ҳамда ANSI/IEEE Америка стандартларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқарилади. Юқори технологияли мис буюмлари ва маълумотлар марказлари (дата-марказлар) учун энергия ускуналари, жумладан, трансформаторлар, рақамли подстанциялар, совитиш тизимлари учун генератор ва насослар ишлаб чиқариш алоҳида йўналиш ҳисобланади.

Шунингдек, АҚШ инжиниринги ва Тошкентда ишлаб чиқарилган ускуналардан фойдаланган ҳолда қуёш ҳамда шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Компания суғориш каналлари устига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича Калифорния тажрибасини тақдим этди. Тошкент шаҳри ёки вилоятида синов лойиҳасини кўриб чиқиш таклиф қилинди, бу эса қўшимча ер ажратмасдан электр энергияси ишлаб чиқариш ва айни пайтда сув буғланишини камайтириш имконини беради.
Янги савдо бозорларига чиқиш лойиҳанинг муҳим қисми. Ишлаб чиқариш номенклатураси ва ҳажми аниқ буюртмалар асосида шакллантирилади, компания эса маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришни ташкил этади. Маҳсулотлар дастлаб Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига, истиқболда эса АҚШ бозорига йўналтирилади. Ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичини 2027 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа мисни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳаллий корхоналар учун буюртмалар яратиш ҳамда импорт қилинадиган энергия ускуналарига қарамликни камайтириш имконини беради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА