Боку – Грозний йўналишида учган, Оқтоу аэропортига яқинлашаётганда ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўлларига қарашли Embraer-190 самолётининг иккинчи қора қутиси топилди. Бу ҳақда журналистларга Қозоғистон транспорт вазири Марат Карабаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, фавқулодда хизматлар тезкорлик билан ишлаган ва фавқулодда қўнишни сўраган кемани қабул қилишга тайёр турган.
Вазир инқирозли вазият хронологиясини тузиб чиқди. Илк сигнал соат 10:43 да Ростов зонаси диспетчеридан Оқтўбе вилояти диспетчерлик марказига 8243-рейсни амалга ошираётган самолёт Грознийдан муқобил аэродромга йўл олгани тўғрисида юборилган.
Қозоғистон ҳудудига киришдан аввалроқ ҳаво кемасининг бошқарув тизими, лифти ва алерони ишламай қолган. Экипаж барқарор мувозанатни ва баландликни сақлаб тура олмаган. Ростов диспетчери Махачқалъа ва Бокудаги об-ҳаво ҳақида маълумот бергандан кейин экипаж Оқтоуга учиш бўйича қарор қабул қилган. Вазир айтишича, учувчилар Оқтоудаги диспетчерлар билан боғланган. Шундан сўнг яқинлашишни визуал назорат қилиш учун учиш-қўниш йўлаги чироқлари ёқилган, аэропорт хизмати эса тўлиқ шай ҳолатга келтирилган.
Соат 10.53 да Ростов рейси директори Оқтоу минорасидаги рейс директорига самолёт салонидаги кислород баки портлагани, йўловчилар ҳушини йўқотаётгани хусусида қўшимча маълумот берди ва етиб келгандан сўнг реанимация қилишни сўради.
“Казаэронавигация” компанияси парвоз директори зудлик билан Оқтоу аэропортига авария самолёти келганидан барча хизматлар – ўт ўчириш бригадаси ва тиббиёт ходимларини хабардор қилган. Учоқ Қозоғистон ҳаво кенглигига киргунга қадар аэропортнинг барча фавқулодда хизматлари самолётни қабул қилишга тайёр эди.
– Экипаж икки марта қўнишга уринди, аммо самолёт баландлиги бетартиб ўзгара бошлади ва 11:28 да йўналишдан анча оғди, – дейди вазир. – Экипаж билан алоқа узилди ва ҳаво кемаси ерга урилди.
– Қозоғистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига кўра, Россия ва Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий терговда иштирок эта олмайди, – деди Манғистоу вилояти транспорт прокурори Абилайбек Ордабаев. – Уларга самолёт ҳалокатини тергов қилишгагина рухсат берилади.
Қўшимча қилинишича, қидирув чоғида топилган иккита регистратор Ҳаво ҳодисаларини текшириш бўлимига топширилади. Фақат бу қурилмалар кейинроқ кўриб чиқилади.
Самолётни ишлаб чиқарган компания вакиллари бугун Оқтоуга келиши кутиляпти. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев маълум қилди.
Г.Сатторова, ЎзА