Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб дунёга машҳур Регистон майдонини томоша қилди.
Олий мартабали меҳмонга халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, жумладан, мазкур обиданинг яратилиш тарихи ва уни асраб-авайлаш борасида давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Тиллакори мадрасасининг ноёб архитектураси ва бу ерда ташкил этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳалима Яқуб хоним шу ерда мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимларига интервью берди.
- Аввало таклиф учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман, - деди Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб. - Бу ташрифлар икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаши, шубҳасиз. Самарқандга сафаримиз ҳам таассуротларга бой бўлмоқда. Айниқса, Ислом оламининг қутлуғ масканларидан бири бўлган Имом Бухорий мажмуаси зиёратидан жуда хурсанд бўлдик. Бу улуғ муҳаддиснинг илмий мероси бутун мусулмон дунёсининг бойлиги.
Сингапур Президенти ва делегация аъзолари Регистонда эсдалик учун суратга тушишди.
Ғ. Хонназаров,
Ғ. Ҳасанов,
Н. Ҳайдаров (сурат), ЎзА