Ҳаким Термизий мероси бебаҳо хазина (+видео)
Термизий ҳикматлари
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Термиз шаҳрида шу йил ноябрь ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади.
Айни пайтда мамлакатимизда улуғ аждодимиз таваллудининг 1200 йиллигини нишонлашга пухта ҳозирлик кўрилиб, ул зотнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини, Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолаларни нашрга тайёрлаб, чоп этиш режалаштирилган. Шунингдек, аллома таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган эсдалик буюмларни муомалага чиқариб, почта маркалари, тақвимлар, ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш, Ҳаким Термизий хотирасига бағишлаб, ноябрь ойида “Мардлар майдони” шиори остида кураш турнирини ўтказиш кўзда тутилган. Термиздаги Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳам қизғин давом этмоқда.
Ислом оламида инсонларни яхшиликка, иймон-эътиқодга даъват этувчи ўлмас асарлари билан шуҳрат қозонган Ҳаким Термизий беназир олим ва мутафаккир, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси сифатида танилган. Ўз даврида ул зотга “Ҳаким” яъни, донишманд, чуқур ҳикмат соҳиби унвони берилганида улкан маъно бор.
ЎзА буюк аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамкорлигида “Термизий ҳикматлари” рукнида видеоматериал тайёрлашни йўлга қўйди. Унда Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир асарлари ва ҳикматли сўзларининг мазмун-маъноси билан яқиндан танишасиз.
<iframe width="1331" height="749" src="https://www.youtube.com/embed/mh_CVtnSB5k" title="Hakim Termiziy merosi bebaho hazina" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири