Ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш катта миқдорда жарима солишга сабаб бўлади
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 21 апрелда “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунга қўшимчаларга киритилди. Унга кўра, ер билан боғлиқ, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш, бюджет тизими бюджетларидан ҳамда давлат органларидан, ташкилотларидан ва муассасаларидан, давлат иштирокидаги корхоналардан, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ низоларни ҳакамлик судлари ҳал этмайди.
Ҳакамлик судьялари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган махсус дастур асосида ўқув курсидан ўтиши ҳамда ўз билимларини ва касбий малакасини доимий равишда ошириб бориши кераклиги кўзда тутилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафлари бўлиши, башарти жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА