Гёрлицдаги турар жой биноси қулашида икки киши гумонланмоқда
Германиянинг Гёрлиц шаҳрида кўп қаватли турар жой биноси қулаб тушиши билан боғлиқ иш юзасидан икки нафар гумонланувчи аниқланди. Бу ҳақда маҳаллий полиция ва прокуратура маълум қилди.
Тергов маълумотига кўра, рангли металл ўғирлаш билан шуғулланган 27 ёшли Польша фуқароси Б.К. ҳамда 33 ёшли Афғонистон фуқароси З.К. бинодаги қувурга шикаст етказган бўлиши мумкин.
Полиция маълум қилишича, бино қулаб тушган кеча гумонланувчилар шаҳарда ўғирлик қилиш мумкин бўлган объект излаган. Улар фожиа юз берган ҳудудда ҳам бўлгани қайд этилган.
Ҳозир жиноят полицияси ва прокуратура одамлар ҳалокатига сабаб бўлган портлашни ташкил этиш ҳамда эҳтиётсизлик орқасида инсон ўлимига олиб келиш моддалари бўйича тергов олиб бормоқда.
Терговчилар таъкидлашича, айбловдаги портловчи модда атамаси шартли қўлланган, чунки газ ёки буғ кескин кенгайиши ҳам кучли портлаш таъсирини келтириб чиқариши мумкин.
Д.Ҳакимов, ЎзА