Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарда таъкидланишича, “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Жорий йилнинг 8 январь куни “Ғузор тандир гўшти” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қашқадарё вилоятида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома Ғузор туман ҳокимлигига вилоят адлия бошқармаси томонидан топширилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири