Ғурур ва ифтихор тимсоли
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва кўрсатмаси асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Сойлиқ қишлоғида барпо этилган Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт мактаби фойдаланишга топширилди.
Амалга оширилган мазкур улуғвор саъй-ҳаракатлар нафақат сойлиқликлар, балки бутун Тошкент вилояти аҳлига, халқаро спорт майдонида оғир атлетика спортига меҳр қўйган миллионлаб инсонлар қалбига ифтихор бағишлагани бор гап.

Пойтахтимиздан қарийб 100 километр наридаги мўъжаз қишлоқда халқаро талабларга жавоб берадиган бетакрор замонавий спорт мажмуаси қад ростлаши жаҳон Олимпия тизимида ўзига хос янгилик сифатида эътироф этилди.

Боиси, бундан икки ойлар муқаддам юртимизга ташриф буюрган Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жолуд ушбу масканнинг қурилиш жараёнлари билан танишиб, ҳали ҳеч бир мамлакатда оғир атлетика спорт турига ихтисослашган, профессионал спортчи номидаги бундай ноёб спорт мажмуаси бунёд этилмаганини, Ўзбекистонда бу амалиёт ҳаётга татбиқ этилаётганида чуқур инсонпарварлик ғоялари мужассамлигини таъкидлаган эди.

Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт мактабининг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш янги босқичга чиққани, халқаро спорт майдонларида тарихий ғалабалар қўлга киритилаётганини таъкидлади.
Халқаро даража ва талабларга жавоб берадиган спорт мактабининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юраги юртим деб ўрадиган, билаги куч-ғайратга тўла, кўзидан ўт чақнаб турган Акбар Жўраев каби фарзандларимизга ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши учун юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам муносиб шароитлар яратиб берилаётгани давлатимизнинг ёшларга бўлган юксак меҳр ва эътибори намунаси эканини айтиб ўтди.

Олимпия ўйинлари ғолиби, уч карра жаҳон чемпиони, Олимпия рекордчиси ва "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони соҳиби Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт мактабининг пурвиқор тоғлар қўйнида барпо этилишида ўзига хос маъно мужассам. Ушбу масканнинг мусаффо ҳавоси, сўлим табиати спортчиларга куч-қувват бағишлаши билан спорт туризми ривожига салмоқли ҳисса қўшиши билан аҳамиятли.
Айтиш лозимки, қисқа фурсатда бунёд этилган ушбу объект қурилишига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан қарийб 25 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Янги Ўзбекистон кўркига кўрк бўлиб қўшилган ушбу мактаб халқаро талабларга мос равишда бунёд этилди. Мактаб замонавий спорт анжомлари, ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. 3 та машғулот зали, жисмоний чиниқиш учун стадион, мажлислар, тиббиёт ва услубчилар, мураббийлар хоналари, сузиш ҳавзаси, ётоқ биноси каби мажмуаларни қамраб олган бундай комплекснинг яратилгани оғир атлетикачилар учун нафақат шуғулланиш, балки ўз маҳорат ва назарий билимларини мустаҳкамлаш имконини бериши билан аҳамият касб этади.
Президентимиз бошчилигида "Инсон қадри учун" тамойили асосида амалга оширилаётган бундай кенг қамровли ислоҳотлар, халқимиз фаровонлигини ошириш, турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган улуғвор мақсадлар ўзбек спорти довруғини жаҳон узра тараннум этадиган не-не полвонларга бешик бўлса, не тонг.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА