Урганч шаҳрида Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Вилоят ҳокими номзод Жўрабек Раҳимов ҳудудни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги таклиф ва режалари ҳақида ҳисобот берди.
Ж.Раҳимов озиқ-овқат баланси бўйича режаларини ҳам маълум қилди. Президент бу борада мутасаддиларга қатор топшириқларни берди.
Хусусан, “Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналини тиклаш” лойиҳасининг 2-босқичи амалга оширилади.
Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда “Дарёлиқ” магистрал коллектори тизимига насослар ўрнатишга 35 миллиард сўм ажратиш, йил якунига қадар Боғот, Шовот ва Янгибозорда 2 минг гектарда узум, олма ва қовун плантацияларини яратиб, лизинг асосида тадбиркорларга тарқатиш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, 2023 йилда Гурлан ва Боғотда агрологистика марказларини ташкил этиб, унга 5 миллион доллар йўналтирилади.
Мутасаддиларга:
– уч ойда чорвачиликка ихтисослашган 53 та маҳаллада сутни қабул қилиш пунктларини очиб, тадбиркорларга бериш, бунга 20 миллиард сўм йўналтириш;
– парранда гўшти танқис 363 та маҳалланинг ҳар бирида 2 минг бош парранда боқишга мўлжалланган 2 тадан лойиҳани бошлаш, бунга 10 миллион доллар ажратиш шартлиги айтилди.
ЎзА