Гулистонлик талаба белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпиони бўлди
Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида 2005–2007-йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Дунёнинг барча қитъаларидан 25 та давлат вакиллари иштирок этган ушбу нуфузли халқаро мусобақада энг кучли спортчилар ўзаро куч синашдилар.
Мазкур чемпионатда Гулистон давлат педагогика институти Гуманитар фанлар ва жисмоний маданият факультетининг 26–25 гуруҳ талабаси, 2005 йилда туғилган Бахтиёр Сангинов белбоғли кураш бўйича 100+ кг вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, юртимиз шарафини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилди.
Ушбу муваффақият спортчининг йиллар давомидаги тинимсиз меҳнати, мураббийларининг сабр-тоқати ва изчил тайёргарлиги, шунингдек, ота-онасининг доимий қўллаб-қувватлаши самарасидир.

Чемпионнинг отаси — Ўктамжон Сангинов ўғлининг ютуғи ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Бахтиёр болалигидан спортга меҳр қўйиб, ҳар бир машғулотга катта масъулият билан ёндашиб келади. Унинг бугунги ғалабаси осонлик билан қўлга киритилган ютуқ эмас. Бу — меҳнат, сабр ва ишонч самараси. Ўғлимнинг Ватанимиз байроғини халқаро майдонда баланд кўтаргани биз учун беқиёс фахр.
Бахтиёр Сангиновнинг Жаҳон чемпионатидаги ғалабаси мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсати самарадорлигининг яна бир бор намойиши бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири