Гулистон шаҳар ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан оилаларда юзага келаётган зиддиятлар, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сабаб келиб чиқаётган ажримларнинг олдини олиш мақсадида "Ажрим –ечим эмас" мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари– вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева иштирок этиб, оилавий низолар ва келишмовчиликларнинг олдини олиш, ажримлар сонини камайтириш борасида Гулистон шаҳрида эришилган натижалар тўғрисида тўхталди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан оилавий ажримлар сони, вилоятнинг бошқа ҳудудларига қараганда Гулистон шаҳрида сезиларли даражада камайди. Оилавий низолар сабаб ажрашмоқчи бўлган 74 та оила сақлаб қолинди.

–Оила муқаддас даргоҳ, ундан бир кун тинчлик кетса на еган- ичганингда тайин, на яшаш тарзингда ҳаловат бўлади, – дейди шаҳар ҳокими ўринбосари– оила ва хотин қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева. –Буни ҳар биримиз яхши биламиз. Аммо эр ва хотин ўртасидаги низо, қайнона ва келин ўртасида келиб чиқаётган тушунмовчилик, яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ сабаб оилаларнинг бузилиб кетишига жимгина қараб бўлмайди. Бу ерда икки инсон, қолаверса, улар фарзандларининг тақдири турибди. Шу боисдан ҳам, бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни йўлга қўйганимиз. Бу эса, оилавий низолар сабаб, келиб чиқаётган ажримлар сони кескин камайишига ёрдам бермоқда.

Ҳамкор ташкилотлар вакиллари, хотин-қизлар фаоллари иштирок этган мазкур тадбирда оилавий ажримлар, улар сонини кескин камайтириш, судгача оилавий низоларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш каби долзарб, кечиктириб бўлмайдиган масалаларга аҳамият қаратилди.

Шу билан бирга, шу жойнинг ўзида ажрим ёқасига келиб қолган, 12 нафар оиланинг ажрашишига сабаб бўлувчи омиллар ўрганилиб, яраштириш чораси кўрилди. Муддат талаб этиладиган масала ва муаммолар эса мутахассисларга йўналтирилди.
Ғулом Примов, ЎзА