Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида ижтимоий ёрдамга муҳтож 175 нафар оиланинг фарзандларига амалий ёрдам кўрсатилди. Уларга замонавий стол ва стуллар топширилди, айрим ҳолларда ушбу жиҳозлар тўғридан-тўғри хонадонларига етказиб берилди.
Бу хайрли ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш, жумладан, унга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.

Тадбир “Нуроний” жамғармаси кўмагида, Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев, туман Нуронийлар кенгаши раиси Мудородқул Мирзараимов ҳамда тумандаги бир гуруҳ фаол нуронийлар иштирокида ўтказилди.
– Энг асосийси, бундай ташаббуслар бир марталик ёрдам билан чекланиб қолмайди. Президент қарори ижроси доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, нуронийларимизнинг тажрибасидан самарали фойдаланиш ишларини изчил давом эттирамиз, – деди Олимжон Жўраев.

Фуқароларга кўрсатилган бундай амалий ёрдам нафақат моддий кўмак, балки эътибор, меҳр-мурувват ва ғамхўрлик тимсоли сифатида ҳам жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.
Айни пайтда туманда мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар фаол нуронийлар иштирокида изчил давом этмоқда. Улар ўз ҳаётий тажриба, ақл-заковат ва беғараз меҳнатлари орқали жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири