Гулчилик — оилавий меҳнат ва барака манбаи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон туманида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Садда таги» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қурбоновлар хонадонидаги гулчилик фаолияти бу борадаги саъй-ҳаракатларга яққол мисолдир.
Қурбоновлар оиласи қарийб ўн йилдан буён турли хил гулларни етиштириш ва парваришлаш билан шуғулланиб келади. Хонадонда гулчиликни дастлаб Арофатхон ая бошлаган бўлса, бугун ушбу меҳнат анъанасини келини Шоҳсанамхон давом эттирмоқда.
[gallery-31070]
Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида 2025 йилда 32 миллион сўм кредит маблағи жалб қилиниб, иссиқхона ташкил этилди. Айни пайтда хонадон ҳудудида иккита иссиқхона мавжуд бўлиб, уларда 20 дан ортиқ турдаги мавсумий ва манзарали гуллар парваришланмоқда.
Хризантема, майиский герань, арча гули каби мавсумий навлардан ташқари шамшод, “Қора шаҳзода”, георгина сингари гуллар ҳам етиштирилмоқда. Навларнинг хилма-хиллиги харидорлар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда маҳсулот турини кенгайтириш имконини бермоқда.
— Гул парвариши эътибор ва сабрни талаб қилади. Ҳар бир навнинг ўз хусусияти бор. Шунинг учун уларни ўз вақтида суғориш, озиқлантириш ва парваришлашга жиддий ёндашамиз. Меҳнатингиз самарасида гуллар очилиб, ўз чиройини намоён қилганида, бундан катта қувонч оласиз, - дейди Шоҳсанам Қурбонова.
Қурбоновлар оиласи атиги 4 сотих ер майдонидан унумли фойдаланиб, ўтган йили гулчиликдан 50 миллион сўм қўшимча даромад олган. Оила аъзолари келгусида гул навларини кўпайтириш, иссиқхоналар имкониятини кенгайтириш ва етиштириш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Қурбоновлар хонадонидаги бу фаолият томорқадан оқилона фойдаланиш, оила аъзоларининг биргаликдаги меҳнати ва мавжуд имкониятларни тўғри йўналтириш орқали барқарор даромад манбаини шакллантириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Арофатхон ая бошлаган гулчилик бугун Шоҳсанамхон томонидан изчил давом эттирилиб, хонадонда нафақат оилавий даромад манбаи, балки авлоддан-авлодга ўтаётган меҳнат анъанасига айланмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА