Грузия Юқори Ларсдан 20 000 россиялик ўтгани ҳақидаги хабарни инкор этди
Грузия Ички ишлар вазирлиги Юқори Ларс назорат-ўтказиш манзили орқали 20 000 россиялик ўтгани ҳақида тарқалган хабарларни инкор этди. Вазирлик маълумотига кўра, сўнгги 24 соат ичида ушбу маскандан 7880 турли мамлакатлар фуқаролари кирган ва 8406 киши чиққан.
– Барча манфаатдор томонларни тасдиқланмаган ахборот тарқатиш, шунингдек турли маълумотларни нотўғри талқин қилиш ва бузиб кўрсатишдан тийилишга чақирамиз, – дейилган баёнотда.
Дарҳақиқат, сўнгги пайт Грузияга кираётган россияликлар оқимига оид хабарлар кўпайди. Масалан, куни кеча сафарбарлик ҳақидаги миш-миш асносида шундай маълумот берилди. Масалан, РФ Божхона хизмати 18 август куни сўнгги 24 соат ичида Россия-Грузия чегарасидан 20 000 дан ортиқ одам ўтгани, бир неча кун давомида “шунга ўхшаш суръат” кузатилганини таъкидлади.

– Ҳозирги кўрсаткич олдинги йиллардаги шунга ўхшаш даврга нисбатан сезиларли даражада юқори, – дея қўшимча қилган идора.
Рус ижтимоий тармоғи манбалари гувоҳларга таяниб чегаранинг Россия томонида узун тирбандлик юзага келганига эътибор қаратган. Фуқаролар ҳар икки соатда тахминан 100 метр силжияпти. Бир неча кун олдин – 13 августда икки давлат қуруқлик чегараси дарё тошиши оқибатида бир неча соатга ёпилган.
Россия-Грузия чегарасидаги ягона қуруқликдаги чегара ўтиш манзили ҳисобланган Юқори Ларс 2022 йил сентябрь ойи охирида минглаб руслар эълон қилинган сафарбарлик туфайли мамлакатни тарк эта бошлаганда энг гавжум масканга айланган эди.

Россиядан Грузияга қанча одам ўтганига яқин кунларда аниқлик киритилса, ажаб эмас. Ҳозирча Москва қўшни давлат расмийларини руслар иштирокидаги салбий ҳодисаларга эътибор қаратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова маълум қилди.
– Сўнгги пайт Грузияда РФ фуқароларига дахлдор жиддий ҳодисалар содир бўляпти, – деган у. – Айни вазият расмийлардан диққат ва тегишли чора талаб қилади... Тбилиси русофобиянинг олдини олиш ва мамлакатга кираётган барча руслар хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш учун аниқ чора кўришини кутиб қоламиз.
С.Раҳимов, ЎзА