Грузия билан туризм соҳасида ҳамкорлик
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон–Грузия биринчи туризм форуми бўлиб ўтди.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев, Грузия туризм ассоциацияси раиси Натали Квачантирадзе сўзга чиқиб, туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мазкур форум Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Бугунги форум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2-3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган муҳим келишувлар натижаси сифатида ташкил этилди, – дейди туризм қўмитаси раиси ўринбосари Санжар Тожиев. – Тадбирда икки давлат туризм соҳаси масъуллари, тадбиркорлар ва туристик компаниялар вакиллари иштирок этмоқда. Икки томонда ҳам маданий, зиёрат, гастрономик, экотуризм ва MICE туризми йўналишларида катта имконият мавжуд. Шунингдек, тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш, туроператорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва медиа-турлар ташкил этиш орқали давлатларимиз ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Форум аниқ келишувлар ва амалий лойиҳаларга айланиб, Ўзбекистон ва Грузия ўртасида туризм соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликка хизмат қилади.


Форумда тақдимотлар ўтказилиб, Ўзбекистон ва Грузиянинг туристик салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди. Туристик маҳсулотларни тарғиб қилиш, янги сайёҳлик йўналишларини шакллантириш, туристик компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Соҳа субъектлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилди.

Грузия туризм соҳаси вакиллари Самарқанд халқаро туризм маркази ва бошқа объектларда бўлиб, вилоятнинг сайёҳлик имкониятлари билан бевосита танишди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири