Гренландияни аннексия қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессида эътиборсиз қолган
"РИА Новости" ҳукумат маълумотига таяниб ёзишича, Гренландияни аннексия қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессида икки ойдан кўп вақт давомида тўхтаб қолган.
Республикачи конгрессмен Рэнди Файн 12 январь куни Гренландияга “қўшиб олиш ва давлатчилик ҳуқуқини бериш” тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этганди.
Ушбу ташаббус Президент Дональд Трампга оролни “аннексия қилиш ёки бошқа йўл билан Қўшма Штатлар таркибига қўшиб олиш” учун зарур чора кўриш ваколатини беради.

Ҳужжат тақдим этилиб, Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасига юборилгандан бери эътиборсиз қолмоқда. Таъкидланишича, ҳали ҳужжатни кўриб чиқиш санаси ҳам ҳали белгиланмаган.
Лойиҳа кучга кириши учун қўмита томонидан тасдиқланиши, Вакиллар палатаси ва Сенатда овоз беришдан ўтиши ва Президент имзоси билан тасдиқланиши керак.
– Бу АҚШнинг хорижий ҳудудни аннексия қилиш бўйича 128 йил ичидаги илк ташаббуси, – дейилган хабарда.

Мамлакат охирги марта қонунчилик орқали тўғридан-тўғри аннексия қароридан 1898 йил фойдаланган. Ўшанда мамлакат таркибига Гавай ороллари қўшиб олинган. Аввалроқ, 1845 йил шунга ўхшаш тарзда Техас аннексия қилинган.
Гренландия Дания қироллигининг бир қисми ҳисобланади. Трамп оролнинг миллий хавфсизлик учун стратегик аҳамиятини таъкидлаб, АҚШ ихтиёрига ўтиши лозимлигини даъво қилиб келади.
Дания ва Гренландия расмийлари АҚШни огоҳлантириб, ҳудудий яхлитлик тамойилига ҳурмат кутишларини такрорламоқда.
Орол 1953 йилгача Дания мустамлакаси эди. Ҳозир ҳам қиролликнинг бир қисми бўлса-да, 2009 йил мухторият мақомини олган. Яъни, айни пайт гренландияликлар ўзини бошқариш ва ички сиёсатни белгилаш имконига эга.
С.Раҳимов, ЎзА