Ғўзапояни ўриб, буғдой экадиган ноёб сеялка - синовда
Жиззахда маҳаллий мутахассислар томонидан яратилган технология ғўзапояни ўриб, бир вақтнинг ўзида буғдой экиш имконини бермоқда. Бу фермерлар учун қандай афзалликлар яратади?
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигида муҳим инновация синовдан ўтмоқда. Бу ғўзапояни ўриб, бир вақтнинг ўзида буғдой уруғини экадиган янги сеялка технологияси. Маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ва “Жиззах” бренди остида тайёрланаётган ушбу ускуна бир нечта агротехник жараёнларни – ерга ишлов бериш, ўғитлаш, ғўзапояни майдалаш ва уруғ экишни бирлаштириб, фермерларга вақт ва ресурсларни тежаш, меҳнат самарадорлигини ошириш ҳамда якунда юқори ҳосилдорликка эришишга ёрдам беради.

–Ғалла экиш мавсумида фермерлар қисқа муддатда пахта далаларини тайёрлаш зарурати каби жиддий муаммоларга дуч келадилар, – дейди Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокими Ботир Мирзақулов. – Далани ғўзапоядан тозалаш, ерга ишлов бериш ва ўғитлаш жараёнлари кўп вақт талаб этади. Ҳар гектарда 200-250 минг туп кўчат мавжудлиги сабабли, қалин ғўзазорларда уруғнинг ерга тўлиқ тушмаслиги ёки кенг қатор оралари (66 см) туфайли жўяклар кўпайиб кетиши ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Бу муаммоларга ечим топиш мақсадида Хитойнинг Шаньдун провинциясидаги мутахассислар билан ҳамкорликда мамлакатимиз аграр тармоғига мос махсус сеялкалар ишлаб чиқдик. Ушбу техника Ўзбекистонга тайёр ҳолда олиб келинди ва маҳаллийлаштирилиб, "Жиззах" бренди остида ишлаб чиқарилмоқда.
Янги сеялка ғўза қатор ораларига экиш учун мўлжалланган бўлиб, бир ўтишда 750 кг. гача уруғ ва 500 кг. гача ўғит сола олади. Унинг асосий афзаллиги шундаки, уруғ 12 см масофага сочиб экилади ва усти 3-4 см тупроқ билан кўмилади. Бу бошқа сеялкалар сингари уруғни зич экмасдан, ўсиш учун оптимал шароит яратади. Айниқса, томчилатиб суғориладиган пахта майдонларида бу сеялканинг самарадорлиги янада ошади. У ер тайёрлаш, чизеллаш ва ўғит солиш учун алоҳида ишлов бериш заруратини бартараф этади. Сеялка ғўзапояни жуда майда бўлакларга бўлиб, унинг тупроққа сингишини таъминлайди. Бу эса уруғнинг униб чиқиши ва тупроқ намлигини сақлашга ёрдам беради. Шу тариқа, битта сеялка 5-6 та агротехник тадбирни бирлаштириб, фермерларнинг меҳнатини енгиллаштиради ва ғалладан 100-120 центнердан ҳосил олиш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бундан ташқари, очиқ майдонларга мўлжалланган ва томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиб кетувчи бошқа турдаги сеялкалар ҳам Жиззахда синовдан ўтказилмоқда. Бу эса ерда доимий намликни сақлаш, юқори ҳосилдорликни таъминлаш ва ер юзасининг ёрилиб кетишининг олдини олиш имконини беради.

Жиззах вилоятида синовдан ўтказилаётган, маҳаллий "Жиззах" бренди остида ишлаб чиқарилган янги сеялка қишлоқ хўжалигида муҳим инновация ҳисобланади. У ғўзапояни ўриб, буғдойни экадиган бир нечта агротехник жараёнларни бирлаштириб, фермерлар учун вақт ва ресурсларни тежаш, меҳнат самарадорлигини ошириш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишга имконият яратмоқда.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА